Интернетда фирибгарлик амалга ошириш мақсадида тил бириктиришда ўзини айбдор деб тан олган украиналик Вадим Ермолович АҚШда 30 ойлик қамоқ жазосига маҳрум этилди. 

"Аввалроқ киевлик 29 ёшли Вадим Ермолович ўзини уч банд: электрон фирибгарликни амалга ошириш, компьютерларни бузиб кириш ва оғир оқибатларга олиб келган шахсий маълумотларни ўғирлаш мақсадида тил бириктириш бўйича ўзини айбдор деб тан олди", дейилган Нью-Жерси федерал прокуратураси хабарида.

Ермолович бир қатор йирик компаниялар маълумотларига рухсатсиз кириб, уларнинг матбуот учун мўлжалланган баёнотларини улар расман чоп этилгунгача ўғирлаган хакерлар гуруҳига кирган. Бу ҳужжатларда келтирилган маълумотлар асосида улар қимматбаҳо қоғозларни сотиш ва сотиб олиш бўйича битимлар амалга оширганлар. АҚШ ҳукуматининг таъкидлашича, гумонланувчилар 150 мингдан кўпроқ баёнотларни ўғирлашган. Бу ноқонуний фаолият оқибатида улар 100 млн долларга яқин пул ишлаб олишган.

Ермоловичнинг яна 5 нафар шериги сифатида Украина фуқаролари Иван Турчинов ва Александр Еременко ҳамда АҚШнинг Жоржия штатида яшовчи Аркадий Дубовой ва Игорь Дубовой айтилган. Улардан Аркадий Дубовой ва Игорь Дубовой 2016 йил январь-февралида ўзларини айбдор деб тан олганлар.

Умумий ҳолда ушбу иш бўйича 40 дан кўпроқ хакер ва трейдерлар гумонланувчи сифатида ўтмоқда. АҚШ ҳукумати маълумотларига кўра, улар PRNewswire ва Business Wire агентликлари сервисларини бузиб кирганлар. Прокуратура маълумотларига кўра, хакерлар 5 йил давомида ўғирланган маълумотлардан фойдаланиб келганлар. Бу маълумотлар уларнинг Украина, Мальта ва Кипрдаги шериклари орқали трейдерларга берилган.  

Ермолович 2014 йил ноябрда ҳибсга олинган. Прокуратура уни 20 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилган.