Бразилия федерал прокуратураси мамлакат собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силвага нисбатан коррупция ва пулларни ювиш бўйича янги айбловлар қўйди. Бу ҳақда Globo телеканали хабар берган.

Маълумотларга кўра, навбатдаги суриштирув Атибайя (Сан-Паулу штати) аҳоли пунктида жойлашган ҳашаматли уйга тегишли. Терговчилар фикрича, кўчмас мулк собиқ президентга коррупция схемаси доирасида берилган бўлиши мумкин. Прокуратура талабига кўра, айблов қўйиш ҳақидаги якуний қарор суд томонидан қабул қилинади.

Айни дамда Лула да Силва коррупция билан боғлиқ бўлган бешта жиноий ишга аралашиб қолган. Бразилия қонунчилигига кўра, агарда собиқ президент бу жараёнларнинг ҳеч бўлмаса бирида айбдор, деб топилса, сайлов лавозимларига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини йўқотади.

Сиёсатчининг ўзи барча жиноий ишларни “сиёсий таъқиб”, деб атаган. Аввалроқ у олий давлат лавозимига 2018 йилда даъвогарлик қилиш ниятида эканини ҳам маълум қилганди. Datafolha ижтимоий тадқиқот маркази сўровига кўра, апрель ойи охирларида Лула да Силва учун овоз бериш истагини сайловчиларнинг 29-31 фоизи билдирган – бу бошқа исталган сиёсатчидан кўп дегани.