Лондоннинг "Челси" клуби Англия Премьер-лигасининг 2016/17 йиллардаги мавсум якунлари бўйича рекорд миқдорда мукофот пули олди. Унинг миқдори 152,8 млн фунт стерлингни ташкил қилди. Бу ҳақда Мirror нашри хабар бермоқда

"Челси" жорий мавсумда Англия чемпиони бўлди ва бу унвонни тарихида 6-маротаба қўлга киритди. Англия Премьер-лигасининг ҳар бир жамоаси телекомпаниялардан кафолатланган 84,4 млн фунт стерлинг миқдорида мукофот пули олди. Бундан ташқари, бу қийматга мусобақа жадвалида эгалланган ўрин учун мукофот пуллари ва телевизион намойишлардан олинган даромаддан фоизлар қўшилади. "Челси" 1-ўрин эгаллагани учун 38 млн, намойишлардан олинган даромаддан фоиз сифатида 30,4 млн фунт стерлинг қўшимча олган. 

Мукофот пули миқдори бўйича кейинги ўринларни "Манчестер Сити" (149 млн фунт стерлинг), "Тоттенҳэм" ва "Ливерпуль" (ҳар бири 148,1 млн фунт стерлингдан), "Манчестер Юнайтед" (143,3 млн фунт стерлинг) ва "Арсенал" (142,4 млн фунт стерлинг) олди. 20-ўринда Премьер-лигани тарк этган "Сандерленд" турибди, унинг даромади 99,9 млн фунт стерлингни ташкил қилган.  

"Челси" Премьер-лига раҳбариятининг телеҳуқуқларни сотиш бўйича охирги битимидан рекорд фойда олган биринчи клуб бўлди. Битимнинг қиймати эса 8 млрд фунт стерлингдан кўпроқни ташкил қилган. Ўтган мавсумда чемпион бўлган "Лестер" якуний ҳисобда 93 млн фунт стерлинг, 10-ўринни эгаллаган "Челси" эса 87,3 млн фунт стерлинг фойда олганди.