Испания ҳуқуқ-тартибот органлари «Барселона»нинг собиқ президенти Сандро Роселни ҳибсга олди. Бу ҳақда El Mundo хабар тарқатди.

Рейтер хабарига кўра, Каталонияда миллий гвардия ва полиция иштирокида ўнлаб уйлар ва офисларда ўтказилган рейд вақтида Роселдан ташқари яна бир неча киши қўлга олинган.

Росел Бразилия терма жамоасининг имиж ҳуқуқларидан комиссион пул ишлаган жиноий тармоққа аъзолик ва шу тармоқда «пул ювиш»да гумон қилинмоқда. Росел ва унинг шериклари солиқ борасида «жаннат» ҳисобланган мамлакатлардаги офшор компаниялари орқали 35 миллион евро «пул ювган» бўлиши мумкин.

Хабар қилинишича, Росел «Барселона»ни бошқаришдан аввал Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) билан ҳамкорлик қилган. Росел бу иши учун ўзининг Ailanto Marketing компаниясидан фойдаланган ва Бразилия терма жамоасининг ўртоқлик учрашувларидан фойда кўрган. Кейин эса у пулларини турли фондларда яширган.

«Пул ювиш» ишида CBF’нинг собиқ президенти Рикардо Тейшейра ҳам иштирок этгани гумон қилинмоқда.

Аввлроқ, Росел билан ФБР шуғулланаётгани ва унга нисбатан суриштирув ишларини бошлагани хабар қилинган эди.

Росел 2010 йилдан 2014 йилгача «Барселона» президенти сифатида ишлаганди. У 2013 йили Неймарнинг «Сантос»дан «Барселона»га ўтишидаги молиявий фирибгарликка ҳам аралашган. 2016 йилнинг ноябрида Испания суди Неймарнинг трансфери бўйича ишни ёпганди. Май ойида Неймарга қарши иш яна очилди, унга Неймар, оила аъзолари, «Барселона»нинг ҳозирги президенти Хосеп Бартомеу билан биргаликда Сандро Росел ҳам жалб этилган. Прокуратура Росел учун 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган.