22 май куни Ироққа тегишли иккита корвет 26 йил ўтиб Италиянинг Специя шаҳри портида мажбуран қолиб кетгандан кейин Ироққа топширилмоқда. Кемалар билан бирга унинг бортида хизмат ўтаган ўнлаб денгизчилар ҳам ватанларига қайтмоқдалар.

Италиянинг Fincantieri верфида ушбу кемаларнинг қурилишига Саддам Ҳусайннинг ўзи буюртма берган, бироқ улар Ироқ 1990 йилда Кувайтга бостириб киргандан кейин унга БМТ томондан қурол-аслаҳа эмбаргоси солингандан кейин Ироққа етказиб берилмаганди.

Италиянинг Il Secolo XIX нашрининг маълум қилишича, Ҳусайн тузуми қулагандан кейин халқаро санкцияларнинг бекор қилиниши кемаларнинг Ироққа қайтарилиши имконини берди. Бу икки корвет тарихи билан 26 йил давомида кемада хизмат ўтаган ва унинг ҳолатини кўздан кечириб юрган ироқлик денгизчиларнинг одиссеяси ҳам ўз поёнига етади. 

Кемадаги ҳарбийлар қанчалик тез алмаштириб турилгани номаълум, бироқ охирги жамоа унга бир неча ой аввал келган.

"90-йиллар бошида ҳар бир кемада 50 нафардан денгизчи бўлган, бироқ вақт ўтиши билан уларнинг сони қисқариб борган. Корветларни кузатишга қолган ва уларга техник хизмат кўрсатган ҳарбийлар алоҳида чекловларга учрамаганлар ва яшаш учун рухсатга эга бўлганлар", деб айтилди хабарда.

Ўтмишнинг буюк араб саркардалари шарафига "Тариқ ибн Зиёд" ва "Мусо ибн Нусайр" деб аталган корветлар ҳозирда абгор ҳолатда бўлиб, уларга Ироқдаги Умм-Қаср портига узоқ йўлида Норвегиянинг сузувчи доки ҳамроҳлик қилади.