Қирғизистон президенти сайловлари: бошқарув Икромжон Илмияновга ишонилди

Жаҳон 23 Май 2017 11073
Фото: Sputnik

Қирғизистон президентлигига номзод Сооронбай Жээнбековнинг штабида Алмазбек Атамбаевнинг содиқ дўсти бошчилик қиладиган бўлди, деб ёзади Қирғизистоннинг «24.kg» ахборот агентлиги.

Июнь ойида Қирғизистон парламенти 2017 йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг янги санасини белгилайди. Кўринишидан, сайлов 15 октябрь куни бўлиб ўтади.

Сўнгра мамлакат президентлигига номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни бошланади. Рейтингларга қарайдиган бўлсак, асосий кураш икки собиқ бош вазир — Омурбек Бабанов ва Темир Сариев ўртасида бўлиб ўтадигандек.

Уларга ҳокимиятдаги партия вакили, ҳукумат бошлиқлари ичида энг камгапи — Сооронбай Жээнбеков ҳам жиддий рақобат қилса керак.

Қирғизистон социал-демократик партияси катталаридан бири — парламент спикери Чинибай Турсунбеков ҳам президентлик пойгасида иштирок этиш эҳтимоли бор.

Атамбаев ўрнига номзодлар: Рус тили ўқитувчисидан тортиб «ун қироли»гача

Қирғизистоннинг дарғаси

«24.kg» АА маълумотларига кўра, Сооронбай Жээнбеков аллақачон парламент партиялари етакчилари билан музокараларни бошлаб юборган.

Бироқ, бу ерда қизиқ бир детал бор: социал-демократлар фаворитининг ўзини сайловолди штабини шакллантиришдан четлатишган. Бўлажак кампаниядаги барча стратегиялар ва тактикалар бўйича жамики қарорларни мамлакат президентининг маслаҳатчиси Икромжон Илмиянов қабул қилади.

Давлат раҳбари маслаҳатчиси бунгача ҳозирги ҳокимият учун бир неча сайлов кампаниясини муваффақиятли ўтказиб улгурган. 2010 йилдан буён у парламент сайловларини назорат қилиб келади. 2011 йилда эса Алмазбек Атамбаевнинг сайловолди кампаниясини зарбдор кўринишда ўтказиб берди. 

Алмазбек Атамбаевнинг ҳукмронлиги вақтида унинг собиқ ҳайдовчиси энг кучли маъмурлардан бирига айланди. Кадрларга оид кўплаб қарорлар айнан Икромжон Илмияновнинг тавсияларига кура қабул қилинган.

Сапар Исаков — бош вазир?

Социал-демократлар штабидаги яна бир муҳим шахс президент девонининг ҳозирги раҳбари — ёш ва ғайратли Сапар Исаковдир. Давлат телеканаллари сўнгги вақтларда бежизга Сапар Исаковни парламент спикери, ҳозирги ҳукумат раҳбари, ҳаттоки Алмазбек Атамбаевдан ҳам кўпроқ намойиш этишмаяпти.

Президентликка номзод Сооронбай Жээнбеков қонунга мувофиқ ўз лавозимини тарк этгач, энг истиқболли социал-демократлардан бири ҳукумат бошқарувини ўз қўлига олиши эҳтимоли катта.

Вазирлар маҳкамасининг эҳтимолли бўлажак раҳбари Сапар Исаков зиммасига, худди Икромжон Илмияновнинг олдига қўйилганидек, ягона, бироқ ўта муҳим вазифа — ҚСДП вакилини мамлакат президентлигига кўтариш юклатилиши мумкин.

Кўриниб турибдики, Сапар Исаковнинг кейинги сиёсий карьераси тўлиқлигича президентлик сайловлари натижасига боғлиқ. Муваффақият қозонилган тақдирда у бош вазир лавозимида қолаверади. 

Жээнбеков омма эътиборига тушмоқда

ҚСДПдан президентликка номзод сифатида Сооронбай Жээнбеков фақат апрель ойига келиб танланди. Бунгача Алмазбек Атамбаев ва ҚСДП сиёсий кенгаши асосий номзод сифатида Сапар Исаковни кўриб чиқишаётганди. Алал-оқибатда айнан ёшлиги салбий мотив бўлиб хизмат қилган Сапар Исаковдан кўра президент билан тенгдош бош вазир Жээнбеков социал-демократларга ишончли вариант бўлиб кўринди.

Партия сиёсий кенгашида ўз номзодини аниқлаб олишгач, бош вазир маҳаллий оммавий ахборот воситаларига интервью бера бошлади. Бунгача бир йил мобайнида Сооронбай Жээнбеков сиёсий масалалар билан шуғулланмасдан, умуман омма олдида кўриниш бермаётган эди.

...29 апрель куни Ўзган районида даҳшатли фожиа рўй берди. Эрталаб соат 6:50 да Заргар қишлоғи устига тупроқ кўчди ва 24 инсон ҳалок бўлди. Содир бўлган воқеа ҳақида ярим соат ичида бош вазир Сооронбай Жээнбеков хабардор этилди. Бироқ шу куни бош вазир ўз акаси Канторо Токтомаматовнинг дафн маросимида иштирок этаётган эди.

Бош вазирнинг акасининг жанозасига бутун ҳукумат таркиби ва парламент депутатлари кўчиб боришган эди. Улар учун «Манас» аэропортида махсус буюртма қилинган иккита самолёт захирага олинган эди.

Ўзгандаги фожиа жойига бош вазир акасини тупроққа топшириб бўлганидан сўнг етиб борди. Бош вазирнинг туғилган ватанига бюджет пулларини сарфлаб етиб келган юқори мартабали амалдорлар ва депутатлар эса маъракадан сўнг пойтахтга қайтиб кетишган эди.

Бош вазирнинг омма олдидаги илк чиқишлари мана шу тарзда юз берган эди — акасининг дафн маросимида қатнашиш ва Заргар қишлоғида тирик қолганлар билан учрашиш...

Иккинчи номзод? Эътибордан соқит этиб бўлмайди

Сооронбай Жээнбековнинг президентликка номзод сифатида илгари сурилиши ҚСДП сиёсий кенгаши аъзоларининг фақат ярмини руҳлантирди. Мамлакатдаги олий лавозим учун номзодлар масаласидаги баҳс-тортишувлар социал-демократларнинг бутун олий бошқарув таркибини уруштириб қўйишига сал қолди.

Жээнбеков фойдасига янграган далилларга кўра, сўнгги рейтинглар фақатгина бош вазир  бўлажак сайловларда машҳур сиёсатчилар Темир Сариев ва Омурбек Бабановга етарли рақобат қила олишини кўрсатмоқда. 

Лекин сиёсий кенгашда тилга олинган бошқа бир маълумотларга кўра, амалдаги бош вазир машҳурлик борасида яна бир социал-демократ, парламент спикери Чинибай Турсунбековга ютқазади.

Партиянинг июнь ойида бўлиб ўтадиган қурултойида оддий социал-демократлар партиядан иккинчи номзод масаласини кун тартибига қўйишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. 

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Кўпроқ янгиликлар