2017 йилнинг 20 май куни, соат тахминан 18:00 ларда, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Чилонзор тумани ҳудудида ўтказилган “Қорадори 2017” тадбири давомида фуқаро Баратов Эркин (маълумотлари ўзгартирилган) ёнида бўлган полиэтилен пакет ичидаги шиша идишда, оғирлиги 229,77 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб озгинадан кўпроқ миқдорда, қонунга хилоф равишда сақлаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. Баратовга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, шунингдек, ушбу шахснинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.