Олимлар чили гармдориси одамларни озишга мажбур қилишини аниқладилар

Жамият 23 Май 2017 12100
Фото: edaplus.info

Икки йил аввал очилган, чили гармдорисининг "ёғларни эритувчи" хусусияти унинг таркибидаги моддалар ичак микрофлорасидаги бактерияларнинг ўзини тутиши ва одам организмидаги яллиғланишлар манбаларига таъсир қилиши билан боғлиқ экан. Бу ҳақда mBio журналида чоп этилган мақолада маълум қилинди.

"Чили гармдориси дунёда борган сари оммалашмоқда ва яқинда бизнинг ҳамкасблар уни истеъмол қилиш семизликдан ва у билан боғлиқ муаммолардан, жумладан глюкоза метаболизми бузилишларидан халос бўлишга ёрдам беришини аниқладилар. Ҳеч ким гармдори қандай таъсир қилишини билмаганди", деб айтди Хитойнинг Чунцинидаги учинчи ҳарбий тиббиёт университети ходими Чао Кан.
 
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб семизликнинг глобал эпидемияси кузатилмоқда. Ўтган йили сайёрамизнинг ҳар учинчи вакили, яъни умумий ҳисобда 1,9 млрд одам ортиқча вазндан, тахминан 15 фоизи унинг оғир шаклларидан азият чеккан. Ташкилот маълумотларига кўра, 47 фоиз касалликлар, мисол учун, юрак-томир касалликлари, қанд касаллиги ва саратон семизлик билан боғланган.      

Икки йил аввал америкалик олимлар чили гармдорисини ёки унинг асосий таъсир қилувчи моддаси капсаицинни истеъмол қилиш сичқонларни юқори калорияли ёки ёғли овқатлар истеъмол қилишга деярли таъсирсиз қилганини тасодифан аниқлашган. Бу молекулаларни таниш учун жавобгар рецепторлар блокировкаси чили гармдорисини унинг "мўъжизавий" хусусиятларидан маҳрум қилган. Бу хусусиятларнинг табиати номаълум бўлиб қолган.

Кан ва унинг ҳамкасблари капсаицин қўшилган ёғли овқат ҳамда у қўшилмаган юқори қалорияли овқат билан боқилган бир неча ўнлаб сичқоннинг организми ва ичаги ишида нима ўзгаришини кузатиб бу саволга жавоб топдилар.

Бу кузатувлар бир нечта антиқа ҳолатларни ошкор қилди – чили гармдорисини истеъмол қилиш ёғли овқат ейдиган сичқонлар танасида тез-тез юзага келадиган яллиғланишлар даражасини пасайтирган, бактерияларнинг ичак деворларига ёпишишига қаршилик қилган ва уларга унинг ташқи қатламлари ичига киришга йўл бермаган. Бундан ташқари, у ичакнинг сурункали касалликлари ва иммунологик кўринишдаги бошқа муаммоларнинг ривожланиши билан боғлиқ рецепторлари ишини сусайтирган. 

Бунинг эвазига капсаицин истеъмол қилувчи сичқоннинг қони ва бошқа аъзоларида танада тўпланиши одатда яллиғланишни юзага келтирувчи бактериал ҳужайра деворлари "бўлаклари" камроқ тўпланган. Олимларнинг фикрича, буларнинг барчаси сичқонлар танаси калорияларни ёғ қатламларида тўпламай, уларни "ёқишига" кўмак берган. 

Буларнинг барчасига эса капсаицин одатда семиз одамлар ва ҳайвонларнинг ичагида етакчилик қиладиган микробларнинг кўпайишига йўл бермагани сабаб бўлган. Бундан ташқари, у микрофлоранинг ичак деворларини мустаҳкамловчи мой кислота ва унинг ҳосилаларини ишлаб чиқарувчи фойдали элементлари фаолиятини сусайтиришга имкон бермаган. 

Каннинг айтишича, бу чили гармдориси билан даволаш ҳақиқатда семизликда ёрдам бериши ҳамда капсаицин ва унга ўхшаш дорилардан ортиқча вазн эпидемиясига қарши курашишда фойдаланиш мумкинлигини исботлайди.

Кўпроқ янгиликлар