АҚШ маъмурияти душанба куни конгрессга 2018 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳасини юборди, унда мамлакат мудофаа вазирлиги сарф-харажатлари жиддий оширилиши назарда тутилган.

Тарқатилган ҳужжатларга кўра, Пентагоннинг кейинги молиявий йилдаги бюджети 639 миллиард доллар этиб белгиланиши мумкин, бу эса жорий йилдаги кўрсаткичдан 52 миллиардга ёки 10 фоизга кўпроқ дегани. Бу сумма ичида хорижда терроризм билан кураш бўйича амалиётлар ўтказиш учун 65 миллиард доллар ҳам бўлади.

Бундан ташқари, яна икки миллиард доллар мамлакат мудофаа бюджетига кирувчи бошқа дастурлар бўйича қўшилади.

Ҳужжатда алоҳида таъкидланишича, Барак Обама маъмурияти томонидан мудофаа харажатларини камайтиришга йўналтирилган сиёсат АҚШ учун таҳдид туғдиради ҳамда Трамп маъмурияти бу масалада стратегияни кескин ўзгартириш ниятида.