Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэй полиция Манчестердаги теракт ижрочиси шахси ҳақида маълумотга эга эканини маълум қилди.

BBC News телеканали хабарига кўра, бош вазир бу ҳақда COBRA фавқулодда қўмитаси йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида маълум қилган.

Мэй хонимнинг сўзларига кўра, портлаш бир киши томонидан содир этилган, у қурбонлар кўпроқ бўлиши учун портлаш жойи ва вақтини ўзи танлаган.

У террорчининг шахсини маълум қилмаган. Ҳукумат раҳбари куннинг иккинчи ярмида яна брифинг ўтказилишини ва янги маълумотлар берилишини маълум қилган.

У британияликларни ушбу теракт бўйича текширув олиб бораётган полиция ходимларига ёрдам беришга, мавжуд маълумотларни тақдим этишга чақирган.

Манчестердаги портлаш америкалик поп-қўшиқчи Ариана Гранденинг концертидан сўнг, 23 майга ўтар кечаси юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, Manchester Arena стадионидаги портлашда 22 киши ҳалок бўлди ва 59 киши жабрланди. Бу Буюк Британия ҳудудида 2005 йилдан буён ўтган вақт ичида содир этилган энг йирик терактдир.

2005 йилнинг 7 июлида Лондонда худкуш террорчилар 4та портлашни амалга оширганди — аввалига метрополитеннинг учта поезди ҳужумга учраган, кўп ўтмасдан Тависток-сквер майдонидаги шаҳар автобуси портлатиб юборилганди. Натижада 52 киши ҳалок бўлиб, 700дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Худкушларнинг барчаси Бирлашган Қироллик фуқаролари бўлган, уларнинг уч нафари Буюк Британияда улғайиб, шу ерда таълим олган.

Терактлар текшируви натижаларига кўра, ҳеч ким судланмади. 2009 йил апрелида маслаҳатчилар суди жиноят ташкилотчиларининг шериклари деб гумон қилинаётган уч кишини оқлади.