АҚШ президенти Доналд Трамп Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган 6 млн яҳудийнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Америка етакчисига нацистлар томонидан ташкил этилган Рига қамоқхонасида ҳаётдан кўз юмган қизнинг альбоми нусхаси ҳадя этилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости. 

Америка раҳбари Исроилга ташрифининг сўнгги кунида Ал Қудсдаги "Яд ва-Шем" мажмуасига ташриф буюрди. У дунёдаги Холокост тарихини ўрганиш ва унинг қурбонлари ёдгорлиги марказидир. 

"Бизнинг муқаддас вазифамиз — бу қадар бераҳмлик билан умридан жудо қилинган ҳар бир қурбон хотирасини ёд этиш ва қайғуга тушишдир", — деган Трамп.

"Агар биз ёвузлик қаршисида сукут сақламасак… алалоқибат, тинчлик ва адолат тантана қилади", — деб қўшимча қилган президент. 

"Яд ва-Шем" раиси Авнер Шалев германиялик яҳудий қиз Эстер Голдштейнга тегишли альбомнинг нусхасини тақдим этди. 

"Альбомдаги илк нома 1937 йилга тегишли бўлиб, ўшанда Эстер 11 ёшда бўлган, сўнггиси 1942 йил 16 сентябрда қайд этилган. Шундан сўнг, 1 ой ўтиб эстер Ригага (Латвия) юборилган ва ўша ерда ўлдирилган", — дея маълум қилди "Яд ва-Шем" вакили.

Ёзувлардан бирини Эстернинг синфдоши Белла қолдирган. У 1943 йилда Освенцимда ҳалок бўлган. "Ҳаётни сев ва ўлимдан қўрқма. Худога ишон ва яхши келажакдан умид қил!", — деб ёзган Белла.