Истанбул шаҳри прокуратураси Туркия қуролли кучлари бош штабининг 144 ходимини қўлга олиш ҳақида ордерлар берди. Улар мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилотига алоқадорликда гумонланмоқда, деб хабар берди Anadolu агентлиги.

Махсус амалиёт Туркиянинг турли вилоятларида ўтказилмоқда, ҳозирнинг ўзида 20 нафар гумонланувчи қўлга олинди. Хабар қилинишича, улар FETÖ аъзолари томонидан махсус шифрланган хабарлар алмашишда қўлланилувчи ByLock дастуридан фойдаланишган.

2016 йилнинг 15 дан 16 июлига ўтар кечаси Туркияда исёнчилар гуруҳи ҳарбий тўнтаришни амалга оширишга уриниб кўрди. Асосий қарама-қаршилик Анқара ва Истанбулда юз берди. 240 дан ортиқ фуқаролар ҳалок бўлди, 2 мингдан кўпроқ инсон жароҳат олди, исён бостирилди. Туркия ҳукумати Гуленни тўнтаришга уринишни ташкиллаштирганликда айблади ва АҚШдан унинг экстрадициясини талаб қилди. Гуленнинг ўзи эса исённи қоралаб чиқди ва бу ишга алоқаси йўқлигини иддао қилди.

Туркияда исёндан сўнг тахминан 50 минг киши ҳибсга олинди, 140 мингга яқин давлат хизматчиси ишдан бўшатилди ёки четлатилди.