Жеймс Бонд ҳақидаги фильмларнинг 7 қисмида бош ролни ижро этган британиялик актёр Рожер Мур 89 ёшида оламдан ўтди. Актёрнинг яқинлари маълум қилишича, у Швейцариядаги уйида саратон хасталиги туфайли жон берган.

Мурнинг ўлими ҳақидаги расмий некрологда ёзилишича, у «у саратонга қарши мардона кураш»дан кейин вафот этди.

Мур Бонд ҳақидаги фильмларнинг 1973 йилдан 1985 йилгача чиққан 7та қисмида ишлаган. У агент 007 қаҳрамонини «Яша ва ўлишга қўйиб бер» (Live and Let Die, 1973), «Тилла пистолетли одам» (The Man with the Golden Gun, 1974), «Мени севиб қолган жосус» (The Spy Who Loved Me, 1977), «Ой пойгачиси» (Moonraker, 1979), «Фақат сенинг кўзларинг учун» (For Your Eyes Only, 1981), «Саккизоёқ» (Octopussy, 1983) ва «Қотиллик кўриниши» (A View To A Kill, 1985) картиналарида бош қаҳрамонни гавдалантирган.

У Бонд ролини Шон Коннери (6 фильм) ва Жорж Лэзенбидан (1 фильм) кейин ижро этган учинчи актёрдир.

Мур 1927 йилнинг 14 октябрида Лондонда туғилган. У Бонд ҳақидаги фильмларнинг олтинчисига суратга тушиш вақтида Ҳиндистондаги қашшоқлик даражасини кўриб, даҳшатга тушади ва шундан кейин хайрия ишлари билан шуғуллана бошлайди. 1991 йилда у ЮНИСЕФ элчисига айланади. У 2009 йилда актёрлик фаолиятини якунлаб, ўзини хайрия ишларига бағишлаганди.