Вазирлик: Коллежларга қабул квоталарини прогнозлаштиришда меҳнат бозори конъюнктураси инобатга олинади

Жамият 23 Май 2017 7714

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 18 майдаги №Ф-4941-сонли Фармойишига шарҳ берилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, меҳнат бозорининг талабларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, бу соҳада илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 18 майда “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича Республика комиссиясини тузиш тўғрисида”ги №Ф-4941-сонли Фармойишга имзо чекди. 

Ушбу Фармойишда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича қуйидаги йўналишларда вазифаларга асосий урғу бериш назарда тутилади:
иш берувчи корхоналар, ота-оналар, ўқувчилар ва бошқа манфаатдор томонлар вакиллари ўртасида ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш асосида касб-ҳунар таълими дастурларини ўқитиш муддати 1 йилдан 4 йилгача бўлган, универсал касб-ҳунар таълим дастурларидан чуқур ихтисослаштирилган, мураккаб таълим дастурларигача табақалаштириш;
касб-ҳунар коллежларини уларда жорий қилинадиган табақалаштирилган таълим дастурлари асосида тоифалаш, туман (шаҳар) хариталарида жойлашишини белгилаб чиқиш, битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичларида ўқишини давом эттиришининг ҳуқуқий асосларини белгилаш;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими стандарти талабларини таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи, халқаро квалификация рамкалари, профессионал стандартлар талабларига мувофиқлигини ўрганиш, тизимни халқаро андозалар талабларига уйғунлаштириш;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тайёрлов йўналишлари, касблар ва ихтисосликлар бўйича умумдавлат таснифлагичини таҳлил қилган ҳолда хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган таснифлагичига мослаштириш;
ёшларнинг ижтимоий онг ва тафаккурини шакллантиришга, юқори технологик муҳитда самарали фаолият олиб боришига, замонавий технологияларни яратиш ва ўзлаштиришга асос бўлиб хизмат қиладиган фанларга урғу бериш асосида фанлар сонини оптималлаштириш;
таълим олиш ва касб ўрганиш тамойили асосида Ўзбекистонда шаклланаётган тажрибани тизимлаштириш, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга ҳунар ўргатиш бўйича нодавлат секторини давлат узлуксиз таълим тизими билан интеграциялаш;
ҳудудлар бўйича касб-ҳунар коллежларига қабул квоталарини прогнозлаштиришда иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, меҳнат бозори конъюнктурасини инобатга олган ҳолда эҳтиёжни аниқлаш, ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, унинг мониторингини юритишда вазирликлар ва идоралар ўртасида барқарор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича янги тизимни жорий қилиш; 
олис ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларида мутахассис тайёрлашда иқтисодиёт эҳтиёжлари, иш берувчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда ўқувчи ёшларнинг, айниқса қизларнинг касб-ҳунар эгаллашида уларнинг келажак ҳаёти, оила қуриши, рўзғор юритиши, фарзандини соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиши каби ўта муҳим бўлган билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурларини жорий қилиш;
таълим мазмунини инвестиция лойиҳалари кўлами, яратилаётган иш ўринларининг янгиланган малака талаблари асосида даврий равишда такомиллаштириб бориш механизмини яратиш ва жорий қилиш, йирик инвестиция лойиҳалари таркибига ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш компонентини киритиш;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш ва ўқувчиларнинг маънавий дунёқараши шаклланишини танқидий ўрганиб чиқиш, ўқувчиларнинг билим олиш, касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишларининг сусайиб бориши, давоматнинг пасайиши каби ҳолатларни таҳлил қилган ҳолда педагогик жараёнга янги шакл ва услублар жорий қилиш; 
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларида китобхонлик маданияти шаклланишини рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, мавжуд ўқув адабиётларини замон талабларига мослаштириш, такомиллаштириш, мазмунан ва шаклан бойитишга қаратилган қўшимча адабиётлар яратиш;
ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ҳамда уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича мавжуд муассасалар фаолиятини такомиллаштириш;
ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг касбий салоҳияти ва педагогик маҳоратини ошириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тилларни ўзлаштиришни кундалик вазифасига айлантирадиган янги механизмни яратиш;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тизимлари ҳамда замонавий компьютер техникаси билан таъминлаш чораларини кўриш, ўқитувчи ва ўқувчиларни таълим ҳамда ўқитиш тизимига доир статистик, методик маълумотларни олишга, ахборотлар базаси ва замонавий ахборот-қидирув тизимларидан фойдаланишга имкониятлар яратиш; 
касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг тадбиркорлик қобилиятини аниқлаш, мустақил бизнес юритиш соҳасидаги фан дастурларини такомиллаштириш;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида халқаро баҳолаш дастурлари асосида ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича билимларини ташқи баҳолаш дастурларини жорий қилиш;
таълим муассасалари замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуна, техника билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг яроқлилик ҳолатини ўрганиш натижалари асосида таълим муассасаларини замон талабларига жавоб берадиган ўқув-лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуна, техника билан таъминлаш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш.

Юқорида белгиланган барча вазифалар бўйича мамлакатимиздаги етук олимлар, амалиётчи мутахассислар, таълимда ижтимоий шерикчилик вакиллари, зарур соҳалар бўйича хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ижросини таъминлаш чоралари кўрилади.

Кўпроқ янгиликлар