Давлат солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатаётган «Ишонч телефон»лари орқали ўтган ҳафта давомида жами 195 та, шундан 6 та юридик ва 189 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Бу ҳақда Кун.uz’га Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берган.

Бундан ташқари, ўтган ҳафта давомида жойларда назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ҳамда тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича 429 та текшириш ўтказилиб, уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.

Ўтказилган текширишларнинг аксариятида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб, нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек, ҳеч қандай ҳужжатларсиз товарларни ноқонуний сотиш каби аниқланган ҳолатларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Ўтказилган солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида солиқ қонунчилигини бузган 2037 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу жумладан:

- бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 37 нафар;

- уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 193 нафар;

- даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 213 нафар;

- ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 81 нафар;

- автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 391 нафар фуқаролар;

- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 430 нафар;

- солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 315 нафар;

- дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 36 нафар;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 106 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 1110 та тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 97 нафар жисмоний шахс ҳам судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.