«Ювентус» яримҳимоячи Хуан Куадрадонинг трансфер ҳуқуқини «Челси»дан сотиб олди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.

Бунга қадар колумбиялик футболчи Турин клуби сафида ижара асосида тўп суриб келаётганди. Мавсум якунлангач, «Ювентус» шартномада кўрсатилган шарт бўйича Куадрадонинг трансфер ҳуқуқини 20 млн евро эвазига сотиб олишга қарор қилди.

Трансфер суммаси 2017/18 йилги молиявий йил ҳисобидан бошлаб уч йил давомида уч босқичда тўланади. Куадрадо «Ювентус» билан 2020 йилнинг 3 июнига қадар мўлжалланган шартнома имзолади.

Жорий мавсумда 28 ёшли футболчи А сериянинг 29 учрашувида майдонга тушиб, икки гол ва 6 голли узатма муаллифига айланганди.