Венесуэланинг собиқ президенти, марҳум Ҳуго Чавеснинг Баринас штатидаги Сабанета шаҳрида жойлашган уйи 22 май куни намойишлар вақтида ёқиб юборилди, деб хабар бермоқда Nacional портали.

Нашр маълумотига кўра, бу Баринасда миллий гвардия томондан узилган ўқ тегиши оқибатида ҳалок бўлган ёш йигитнинг ўлимига жавоб бўлган. Бошқа маълумотларга кўра, уй ёқиб юборилмаган, балки тўлиқ таланган. Ҳозирча бу ахборот тасдиқланмаган ёки рад этилмаган, бироқ ижтимоий тармоқларда мавзу бўйича ўнлаб фотосуратлар пайдо бўлди. 

Шунингдек, маълум қилинишича, намойишчилар гўёки миллий гвардиянинг Баринасдаги қўмондонлиги биносини эгаллаб олишган ва етакчи Ягона социалистик партия офиси ҳамда мамлакатнинг миллий сайлов кенгаши ваколатхонасини ёқиб юборишган.    

Бундан ташқари, хабарларга кўра, Венесуэланинг Баринас штатида юз берган намойишларда бир кун ичида ҳалок бўлганлар сони икки кишига ортди. Бу ҳақда Миллий ассамблея депутати Мигель Писарро хабар берган.

"Бугун (душанба куни) Йорман Бервесия ва Жон Альберто Кинтеро Баринасдаги намойишлар вақтида рўй берган қатағонлар чоғида ҳалок бўлди", - дея ёзди Писарро ўз Twitter’ида.

Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада жорий йилнинг 4 апрелидан бошлаб мамлакат ҳукумати ва унинг етакчисига қарши оммавий кўча намойишлари бўлиб ўтмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 50 киши ҳалок бўлган. Намойишлар Олий суднинг мамлакат парламенти ҳокимиятини чеклаш ҳақидаги қароридан сўнг бошланди.