Эфиопия номзоди Тедрос Аданом Гебреисус сешанба куни овоз беришнинг учинчи босқичида ғолиб бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг янги бош директори этиб тайинланди. 

ЖЖСТнинг янги бош директори сайловларида овоз бериш жараёни Женевада ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Биринчи босқич якунларига кўра, "пойга"дан Покистон вакили Санья Ништар четлатилди. Буюк Британия номзоди Дэвид Набарро ва Эфиопия номзоди Тедрос Аданом Гебреисус курашни давом эттиришди. 

Иккинчи босқичда 121 овоз тўплашга муваффақ бўлган Гебреисус етакчиликни қўлга киритди. Наборро эса 62 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Қоидага кўра, иккинчи босқичда ғолиб ЖССТ аъзоларининг учдан икки қисми томонидан қўлланиши керак эди. 

Учинчи раундда ғалаба учун аксарият овозларни тўплаш зарур эди. Гибреисус 133 овоз тўплаб, 50 овозга эга бўлган Набарродан ўзиб кетди ва ЖССТнинг янги раиси этиб тайинланди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, Эфиопия номзоди 2005-2012 йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирилигини бошқарган. 

51 ёшли Гибреисус ЖССТни бошқарувчи биринчи Африка вакили ҳисобланади. 

Гибреисус жорий йилнинг 1 июлидан ЖССТнинг бош директори лавозимига расман киришади. ЖССТнинг амалдаги бош директори Маргарет Ченнинг иккинчи ваколат муддати 2017 йилнинг 30 июнида тугайди. 

ЖССТ бош директори учун овоз беришнинг сўнгги босқичи якунлари:

Овоз бериш ҳуқуқига эга - 186 мамлакат;
Қатнашди - 183 мамлакат;
Тедрос Гебрейезус (Эфиопия) - 133 мамлакат;
Набарро (Британия) - 50 мамлакат.

Бундан аввал 22 май куни  ЖССТнинг юқори органи ҳисобланувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессияси очилиши ҳамда унда Ўзбекистон делегациясининг  ҳам қатнашаётгани ҳақида хабар берилган эди.