2016 йилда БМТнинг 43 та давлатдан 117 нафар тинчликпарвар аскари хизмат ўтаётганда ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳалок бўлган "мовий каскалар" хотирасига бағишланган мотам маросимида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш айтиб ўтди.

"Ўтган йил 43 та давлатдан 117 нафар ҳарбий, полициячи ва тинчликпарвар аскари ўз бурчини адо этаётганда ҳалок бўлди. Шу тариқа, 1948 йилдан бери 3,5 мингдан кўпроқ тинчликпарвар аскари ўзгалар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз ҳаётини қурбон қилди", деб айтди Гутерриш. У БМТнинг бош қароргоҳида ҳалок бўлган аскарлар ёдгорлигига гулчамбар қўйди ва бир дақиқалик сукут сақлашни эълон қилди.     

Гутерришнинг айтишича, тинчликпарвар кучлар ҳанузгача қақшатқич қуролли ихтилофлар давом этаётган Мали, Марказий Африка Республикаси  ва Жанубий Суданда катта йўқотишларга учраган. Гутерриш тинчликпарвар аскарлар террорчилар томондан энг кўп ҳужумга учрашларини айтиб ўтди. Бош котиб "мовий каскалар" ўзлари хизмат ўтаётган давлатлардаги вазиятнинг барқарорлашига ижобий ҳисса қўшишларини таъкидлаб ўтди. Гутериш бу борада Кот-Д'Ивуар ва Либериядаги операцияларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу давлатларда яқин ойларда тинчликпарвар кучларнинг иши якунланади.     

Бугунги кунда БМТнинг мовий баайроғи остида 100 мингдан кўпроқ ҳарбий ва полициячи хизмат ўтайди. 2015 йилда 50 та давлатдан 129 нафар тинчликпарвар аскари хизмат ўтаётганда ҳалок бўлган.