2017 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Тошкент шаҳридаги элчихонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ТИВ расмий сайти маълум қилди. 

Комилов 22 май куни Манчестер шаҳрида амалга оширилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди ва элчихонада очилган Ҳамдардлик китобига қайд киритди.

Ўз навбатида, элчи Кристофер Аллан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Буюк Британия учун қайғули паллада ҳамдардлик ва далда сўзларини билдириб, бош вазир Тереза Мей номига йўллаган мактуби учун Ўзбекистон томонга самимий миннатдорчилик билдирди.