Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Ички ишлар органларининг Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорини имзолади. 

Ушбу ҳужжатга мувофиқ ёнғин хавфсизлигини барча даражада таъминлашга доир фаолиятни такомиллаштириш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди. 

Юқорида қайд этилган мансабдор шахслар ҳар чоракда ўзларига қарашли объект ва ҳудудлардаги ёнғинга қарши ҳолатни танқидий таҳлил қилиши зарурлиги белгиланди. 

Қарорда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ёнғин профилактикаси куни деб белгиланди. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига қуйидаги асосий вазифалар юкланди:

- барча даражадаги ҳокимлар билан биргаликда юз берган катта ёнғинлар сабаблари ва уларнинг пайдо бўлишига олиб келган чуқур ва танқидий таҳлил қилиш ва ушбу таҳлил якулари бўйича ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган йўл хариталари тасдиқланади;

- давлат аҳамиятига эга алоҳида объектларда ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек ёнғин тактик ўқув машғулотлар ва ушбу объектлар раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этишга доир комплекс тадбирлар ўтказиш;

- марказий ва вилоят телеканалларида ёнғинлар билан боғлиқ ҳодисаларни ёритиш бўйича махсус ахборот кўрсатувларини, шунингдек ёнғин содир бўлган жойлардан ва уларни баратараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тезкор репортажлар тайёрлаб, эфирга узатиш;

Мазкур қарорга биноан Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар ташкил этилишини алоҳида таъкидлаш зарур.