Буюк Британияда террорчилик хавфи даражаси Манчестердаги терактдан кейин энг юқори даражага кўтарилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Тереза Мэй ҳукуматнинг фавқулодда қўмитаси COBRA’нинг кечки йиғилишидан кейин маълум қилди. 

"Мутахассислар олиб борилаётган тергов асосида террорчилик хавфи даражаси жиддийдан фавқулодда даражагача оширилиши кераклиги ҳақидаги хулосага келишди", деб маълум қилди Мэй.   

Мэй мамлакатда исталган вақтда янги теракт содир этилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. "Бу нафақат ҳужум амалга оширилиши эҳтимоли борлигини, балки унинг муқаррар содир этилиши мумкинлигини англатади", деб қўшимча қилди Мэй.

Мэйнинг айтишича, бундай қарор тергов Манчестердаги теракт ортида бир гуруҳ одамлар туриши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келгандан кейин қабул қилинган. 

Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон шу муносабат билан мамлакатдаги хавфсизликни таъминлашга ҳарбийларни жалб қилишга рухсат берди.   

"Полиция мудофаа вазирига ҳарбийларни жалб қилиш юзасидан мурожаат қилди ва вазир ижобий жавоб берди", деб айтди Мэй.

Ҳарбийлар полиция патрулларини кучайтирадилар, баъзи жойларда – тадбирлар ва одамлар гавжум жойларда хавфсизликни таъминлашда полициячилар ўрнини эгаллайдилар. ОАВ маълумотларига кўра, гап минглаб ҳарбийларни жалб қилиш ҳақида бормоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 22 май кечки вақт "Манчестер Арена" мажмуасида концерт вақтида террорчи-худкуш портлашни амалга оширди. Бунинг оқибатида 22 киши ҳалок бўлди, 59 киши яраланди. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида кўплаб ёш болалар бўлган. Камида 8 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. Полиция терактни амалга оширишда 22 ёшли Салмон Абедини гумон қилмоқда.