Брюссель ҳокими Эрдўған тўхтайдиган меҳмонхона ёнида оммавий акциялар ўтказишни тақиқлади

Жаҳон 24 Май 2017 2135
Фото: AP

Брюссель шаҳри бургомистри (баъзи давлатларда шаҳар ҳокими) Иван Майер Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған тўхтайдиган меҳмонхона ёнида, Стефани майдонида кишиларнинг оммавий йиғилишини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда La Libre хабар берган.

Туркия президенти Бельгия пойтахтига НАТО саммитида иштирок этиш учун чоршанба, 24 май куни кечқурун келади.

Майернинг сўзларига кўра, бундай қарор Туркиянинг Вашингтондаги элчиси қароргоҳи ёнида, Эрдўған ташрифи вақтида турк фуқаролари иштирокида тўқнашувлар юз бергач, қабул қилинди. Муштлашув натижасида тўққиз киши жабрланди, шу билан бирга, икки нафари жиддий жароҳатлар олди. Яна икки киши қўлга олинди, улардан бирига полиция зобитини ҳақорат қилиш бўйича айблов қўйилди.

Аввалроқ Туркия президенти тарафдорлари Facebook’да маҳаллий туркларни митингга чиқишга чақирувчи кампанияни ишга туширди. У 24 май куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 (Тошкент вақти билан 21:00)да ўтказилади. 700 дан ортиқ киши акцияга келиб, Туркия раҳбарини қўллаб-қувватлаш истагида эканини билдирган.

ТАСС агентлигининг таъкидлашича, 23 май куни Брюссель ҳукумати митинг ўтказишга рухсат бермасликка қарор қилди.

Брюсселда Шимолий Атлантика альянси саммити 25 май куни бўлиб ўтади.

Кўпроқ янгиликлар