Ёнғин назоратини ва профилактикасини амалга ошириш бўйича мустақил бўлинмалар ташкил этилади

Ўзбекистон 24 Май 2017 2348
Фото: ЎзА

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарор матнида айтилишича, “ёнғин хавфсизлиги соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатларига қарамай, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли, тадбиркорлар, давлат органларининг ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалаларига тегишли муносабат шаклланмади, шу билан бирга, ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги назорат фаолиятининг шакл ва усуллари замон талабларига жавоб бермайди”.

Айтилишича, қуйидагилар бу борадаги тизимли камчиликлар сирасига киради:

ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг ўз функционал мажбуриятларини лозим даражада бажармаётгани, малакасиз хатти-ҳаракатларга йўл қўяётган ҳолатлари кузатилмоқда, ушбу лавозимларга тегишли олий маълумоти йўқ ходимларни қабул қилиш тизими пайдо бўлгани, инспекторлар аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан тўлақонли ҳамкорлик қилмаётгани бунга сабаб бўлмоқда;

тизимга, шу жумладан, шошилинч хизматлар билан ҳамкорлик қилиш ва ёнғин ўчириш бўлинмаларининг кучлари ва воситаларини бошқариш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳамда барча даражадаги бўғинларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишдаги қуйидаги асосий йўналишлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисобланади:

биринчидан, ёнғинлар профилактикасининг илғор шакл ва усулларини жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш орқали ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимини такомиллаштириш, ҳар бир инспектор ўз хизмат мажбуриятларини “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш – энг устувор вазифа” тамойили асосида сўзсиз бажаришини таъминлаш;

иккинчидан, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда – ДЁХХ) бўлинмаларининг ёнғин назорати ва ёнғин профилактикасини амалга ошириш бўйича фаолиятини ташкил этишнинг ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг асосий вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ва тақсимлашни назарда тутадиган сифат жиҳатдан янги тартибни ўрнатиш;

учинчидан, аҳоли билан яқиндан ишлаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш орқали ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига ишончни ошириш;

тўртинчидан, ёнғин ўчириш кучлари ва воситаларини бошқариш, шунингдек, ёнғинга қарши назорат фаолияти соҳасига замонавий илмий-техника ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш;

бешинчидан, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг кадрлар салоҳиятини яхшилаш, ходимларнинг касб тайёргарлиги ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

олтинчидан, ДЁХХ шахсий таркибида юксак хизмат интизомини таъминлаш, уни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш орқали самарали хизмат қилиш учун шароитлар яратиш.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунига мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объект ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилган.

Юқорида кўрсатилган мансабдор шахслар ҳар чоракда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича йиғилишлар ўтказиши, улар доирасида ўзига қарашли объект ва ҳудудларнинг ёнғинга қарши ҳолатини танқидий таҳлил қилиб бориши шартлиги белгилаб қўйилди.

Белгилаб қўйилишича:

ДЁХХ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида ягона давлат ёнғин назорати органи ҳисобланади;

ДЁХХнинг давлат ёнғин назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича тадбирларни ўтказишда ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун шахсан жавобгардир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

туман (шаҳар) ва объектлар ёнғин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари)да давлат ёнғин назоратини ва ёнғинлар профилактикасини амалга ошириш бўйича мустақил бўлинмалар (гуруҳлар) ташкил этиш ва ёнғин хавфсизлиги инспекторлари лавозимларини ёнғин ўчириш бўлинмалари таркибидан чиқариш тўғрисида;

ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида уларнинг ҳар бирига хизмат ҳудуди доирасида муайян секторни бириктириш тўғрисида;

ДЁХХ ёнғин техникаси парки ва махсус жиҳозларини узлуксиз янгилаш мақсадида ҳар йили 38 та асосий ёнғинни ўчириш автомобили, стреласининг узунлиги 35 метргача бўлган 6 та ёнғин автонарвони, 1000 та ёнғинни ўчириш енглари комплекти, нафас олиш аъзоларини ҳимоя қиладиган 300 та аппарат ва бошқа ёнғин-техника мулкини харид қилиш тўғрисида;

ДЁХХ техника хизматининг ҳудудий бўлинмаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг махсус техникаси ва жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва диагностика хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини бериш тўғрисида.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига:

Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

ДЁХХнинг шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан таъминланадиган бўлинмаларнинг тузилмаси ва штат бирликларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси куни” деб белгиланди ва ДЁХХга қуйидаги вазифалар юкланди:

аҳоли, ташкилотлар ва таълим муассасалари ўртасида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, ёнғинларнинг олдини олиш ва муваффақиятли бартараф этиш тадбирларига жамоатчиликни кенг жалб қилиш;

маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларнинг якунида ёнғинга қарши ҳолат бўйича аниқланган камчиликларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиш;

барча даражадаги ҳокимлар билан биргаликда содир бўлган йирик ва ўзига хос хусусиятли ёнғинларнинг сабабларини, ёнғин вужудга келишига олиб келган шарт-шароитларни ҳамда тегишли ҳудудлардаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолатини чуқур ва танқидий таҳлил қилишни ташкил этиш, унинг якунида ёнғиннинг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун шароитлар яратишга қаратилган “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамлаш, уларнинг раҳбарлари билан ёнғин-тактик ўқув ва машғулотлар, тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғида ёнғинлар, уларнинг сабаблари ҳамда ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлганда қандай ҳаракат қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёритиш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан келишилган ҳолда муайян марказий ва вилоят телеканалларида ёнғин билан боғлиқ воқеаларни, уларнинг вужудга келиш сабаблари ва шарт-шароитларини ёритишга бағишланган махсус ахборот кўрсатуви, шунингдек, воқеаларни ёритиш гуруҳлари томонидан тайёрланадиган ёнғин содир бўлган жойлардан уларни бартараф этиш бўйича тезкор репортажларни эфирга узатиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар ташкил этилади ва қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин келиб чиқиши сабаблари ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

тасдиқланадиган режа-жадвалларга мувофиқ тизимли асосда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари иштирокида маҳаллалар ҳудудида ёнғинга қарши машқлар ўтказиш, бунда ёнғинни ўчириш автомобиллари ўтиш йўллари ва сув манбалари ҳолатини ўрганиш;

давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёнғинлар профилактикаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларни баҳолаш ва мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қишлоқ жойлар ва олис аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин ўчириш бўлинмаларини ташкил этишга кўмаклашиш, уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш.

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А.Азизов зиммасига юкланди.

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 28042 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 14934 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 56040 Жамият
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Украина банки сабаб ярим миллион долларсиз қолди
Пекин Вашингтонни Хитой компанияларга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди
00:40 663 Жаҳон
Reuters: АҚШ Мисрга ҳарбий ёрдам бермайдиган бўлди
00:34 644 Жаҳон
Эндиликда бутун маҳалла эмас, фақат қарздор истеъмолчи электр энергиядан маҳрум қилинади
00:23 2427 Жамият
Германияда Трамп боши шаклидаги гиёҳванд моддали таблеткалар аниқланди
00:21 655 Жаҳон
Сербия Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун визани бекор қилди
00:18 644 Жаҳон
Суриянинг Хама вилоятига ҳаводан зарба берилиши оқибатида 50 киши ҳалок бўлди
00:06 876 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар