ЕОТБ раҳбари: денгизга чиқа олмайдиган давлатлар савдо айланмасини 30 фоизгача йўқотади

Жаҳон 24 Май 2017 4677
Фото: RIA

Денгизга чиқа олмайдиган давлатлар савдо айланмасини 30 фоизгача йўқотади, деб хабар берди Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Дмитрий Панкин. Банк иштирокчилари орасида бундай давлатлар сони – бешта.

"Денгизга чиқиш йўли бўлмаган давлатлар ўртача иқтисодий кўрсаткичи, денгизга чиқа оладиган мамлакатларга қараганда, 1,5 фоиз пунктига паст. Бунинг сабаблари аниқ – ташувларнинг юқори қиймати", - дея маълум қилди Панкин БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши тараққиётни молиялаштириш Форумида. Унинг сўзларига кўра, транспорт учун харажатлар денгизга чиқадиган давлатлар билан таққослаганда, 50 фоизгача қиммат бўлиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, муаммони минтақавий иқтисодий интеграция орқали ечиш мумкин, сабаби бу жараён давлатнинг географик нуқтаи назардан ажралиб қолганини чегара ва божхона харажатлари ҳисобидан камайтириш, ишчи кучи ва капитал мобиллигини ошириш ёрдамида юмшатиши мумкин. Шу тариқа портлар ва инфратузилманинг бошқа муҳим объектларига боғланиши таъминланади.

Панкиннинг таъкидлашича, ЕОТБ БМТнинг тараққиёт соҳасидаги дастури кун тартибига мувофиқ ҳаракат қилиб, аъзо давлатларга уларнинг иқтисодий ўсиши йўлидаги тўсиқларни транспорт ва энергетика инфратузилмаси соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш орқали олиб ташлашга кўмак беради. "ЕОТБ сармоявий портфелидаги барча лойиҳаларнинг деярли ярми интеграция лойиҳалари бўлиб, улар бизнинг аъзо мамлакатларимизнинг кўпроқ ўзаро боғланишига туртки беради", - деди Панкин.

Евроосиё тараққиёт банки Россия ва Қозоғистон томонидан 2006 йилда таъсис этилган халқаро молиявий ташкилот бўлиб, иштирокчи давлатларнинг бозор иқтисодиётига кўмак беришни, барқарор иқтисодий ўсишини ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни мақсад қилган. ЕОТБ устав капитали 7 миллиард долларга тенг. Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон иштирокчи давлатлар саналади.

Кўпроқ янгиликлар