Андижонда фаолият юритаётган “Саййид Муҳийддин маҳдум” ўрта махсус Ислом билим юртида муассаса ташкил топганининг 25 йиллиги ҳамда 2016-2017 ўқув йили 4-курс талабаларининг битирув кечасига бағишланган “Хатмона” тадбири бўлиб ўтди.   

Тадбир анъанавий қорилар мусобақаси ғолиби, билим юртининг 2-курс талабаси Сирожиддин Абдужалилов томонидан Қуръон тиловати билан бошланди. 

Катта тайёргарлик билан кўтаринки руҳда ташкил этилган тадбир давомида битирувчи талабалар таълим ва тарбия берган устозларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Улар томонидан бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

“Хатмона”да сўз олган вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Ҳолиқназаров, билим юрти мудири Мирзомақсуд Алимовлар битирувчиларга мустақил юртга муносиб хизмат қилиш, илм олишни давом эттириш ниятида бўлган толибларга эса муваффақиятлар тиладилар. 

“Саййид Муҳийддин маҳдум”” мадрасасига 1992 йилда асос солинган. Ўтган 25 йил давомида билим даргоҳини жами 935 нафар талаба битириб, юртимиздаги масжид ва мадрасаларда фаолият олиб бормоқдалар. Билим юртини жорий ўқув йилида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган  24 нафар толиби илм якунлади. Масканда умумтаълим  фанлари билан биргаликда “Қуръони карим ва тажвид”, “Ақоид”, “Фиқҳ”, “Тафсир”, “Ҳадис”, “Ислом тарихи”, “Динлар тарихи”, “Мазҳаб ва йўналишлар”, “Араб тили”, “Хатоба”, “Педогогика ва психология” каби 19 та махсус фандан чуқур билим берилади.     

- Тўрт йил давомида бор қалб қўрини бериб, таълим берган устозларимдан жуда миннатдорман,- дейди  Сирдарё вилояти, Боёвут туманилик битирувчи Фаррухбек Аҳмадқулов. – Мударрисларимиз инсон илм орқали дунёни таниши ҳамда Ватан келажагига янада кўпроқ ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлиши ҳақида уқтирдилар. Насиб қилса, олий даргоҳга кириб, ўқишни давом эттириш ниятим бор.

Тадбир сўнгида йиғилганлар мустақил диёримиз равнақи, юртга тинчлик-омонлик, фаровонлик тилаб дуога қўл очдилар.        

 

 Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.

 Билим юрти мударриси: Муҳаммадюсуф Тўрақулов.