Таҳририятимизга Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан бир мурожаат келиб тушди. Унинг умумий мазмуни қуйидагича:
 
«Ғиждувон туманидаги тадбиркорлардан бири хусусий корхона очиб, юртимизда тадбиркорларга яратилган эркин ва қулай шароитлардан фойдаланиб, ўз қишлоғида замонавий лойиҳа асосида спорт мажмуаси қураётган эди. Бироқ туман ҳокимлиги бу ишга тўғаноқ бўлиб, барпо этилаётган бинони суд қарори билан буздириб ташлади».

Бундай сатрлар ҳокимликнинг зўравонлиги, уларнинг тадбиркор йўлига тўғаноқ бўлаётгандек хулосага келтириши тайин. Лекин хулоса чиқаришга бироз шошилманг.

Бухоро вилоят, Ғиждувон тумани «Ҳавзак» МФЙ, Дарсозлар қишлоғида яшовчи, «Афзалбек Асилбек Азизбек спорт» хусусий корхонаси раҳбари фуқаро Азамат Шодиевнинг мурожаатига кўра, вазият айнан шундай. Аслида, ҳаммаси ҳам шундайми? 

А.Шодиев 2016 йилда Бухоро вилояти ва Ғиждувон тумани ҳокимлигига 4238 нафар киши истиқомат қилаётган қишлоқ аҳолиси ва ёшлари учун ўз шахсий маблағлари эвазига икки қаватли спорт мажмуаси қуриш учун, маҳалла фуқаролари номидан ер майдони ажратиб беришни сўраб, мурожаат қилгани, бироқ ижобий жавоб олмаганини айтиб ўтади.

Гарчи қурилиш ишлари олиб борилган 24 сотихга яқин ер майдонининг фақат 5 сотихи учун нотурар ер-жой учун расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, шунга қарамасдан, А.Шодиев қурилиш ишларини бошлайди. Ҳаттоки ушбу қурилишни собиқ туман ҳокими “Бухоро вилоятини 2016–2020 йилларда ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастури” таркибига ҳам киритади.

А.Шодиевнинг ўз жамғармаси ва қурилиш материаллари харид қилиш учун банкдан олган кредити эвазига деярли 300 миллион сўм сарфлангач, қурилиш ишлари бошланади ва у 30-35 фоизга етказилгач, яъни 11,25 кв.м. майдонга бўлажак бинонинг пойдевори ва биринчи қават девор-устунлари кўтарилгач, Ғиждувон туман ҳокимлигининг даъво аризаси билан Ғиждувон туманлараро фуқаролик судининг ҳал қилув қарори билан қурилиш ноқонуний, деб топилади ва 2017 йил 26 апрелда уни бузиш суд ижрочилари томонидан ижро этилади.

Биргина Кун.uz сайтига эмас, Ўзбекистон Республикаси президенти виртуал қабулхонаси, халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотларга ушбу масалада мурожаат қилган А.Шодиев туман ҳокимлигининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топишни, ушбу бино мажмуа қурилиши билан 10дан ортиқ иш ўрни яратилиши, туман ҳокимлиги томонидан вилоят ҳокими Ў.Барноевга бу ерда спорт мажмуаси эмас, «тўйхона ва кафе» қурилаётгани ҳақида ёлғон ахборот берилгани, қурилиш ишлари 17 сотих майдонда олиб борилаётган бўлса-да, ёзишмаларда 24 сотих деб кўрсатилаётгани, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри корхонаси томонидан тузилган гуруҳ қурилиш ишлари аҳолига тегишли 342-контурдаги ташландиқ жойда эмас, 341-контурдаги «Мурод Жўра Рашид» фермер хўжалигига тегишли ер майдонидан ноқонуний қўшиб олинган жойдан барпо этилаётгани ҳақидаги нотўғри кўрсатмалар ва далолатномалар ҳақида даъво қилади.

Ҳолат юзасидан мавжуд ҳужжат, кўрсатмаларни ўрганиб, воқеа жойини ўз кўзим билан бориб кўриб, шундай хулосага келдим. («Афзалбек Асилбек Азизбек спорт» хусусий корхонаси раҳбари, нафақахўр Азамат Шодиев қон босими кўтарилганлиги сабабли касалхонада бўлганлиги учун, тегишли ишончнома билан у кишининг ўғли Алишер Шодиев менга ҳамроҳлик қилди).

Ҳақиқатан ҳам, А.Шодиев 11,75 кв.м юзага эга бўлган икки қаватли бино қурилишини 24 сотих юзага эга майдонда амалга оширмоқда. Ушбу ер участкасининг 5 сотихига Ғиждувон туман ҳокимлигининг нотурар бино қуриш учун чиқариб берган қарори ва тегишли кадастр ҳужжатлари мавжуд.

А.Шодиев қурилиш ишлари олиб борган, қурилаётган бинонинг 90 фоизи эгаллаб турган деярли 19 сотих майдонга ҳеч қандай ҳужжати йўқ, ҳокимлик шуни асос қилиб, қурилишни бузиш тўғрисида судга ҳақли даъво аризаси киритган. Суд эса қурилаётган бинони бузиб, ер майдонини ҳокимлик захира ерлари фондига ўтказиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган. Яъни мурожаат қилган томонда ҳокимликнинг ҳақли даъвосига монелик қилувчи ҳужжатнинг ўзи йўқ.

А.Шодиев ўзларига тегишли 5 сотих нотурар жойдан наридаги 19 сотих майдон илгари фойдаланилмасдан, ташландиқ жой бўлиб ётганини, 2008 йилдан бу ерларга ер солиғи тўлаб келганини даъво қилади. Ҳаттоки бу ҳақда маҳалла фуқаролари йиғинининг ҳам далолатномаси бор. Бироқ Google Earth харитаси архивидан кўриш мумкинки, 2016 йил 15 апрель куни спутникдан туширилган аэрофототасвирга кўра, ер асло ташландиқ жой бўлмаган, унумдорлиги қандай бўлишидан қатъи назар, «Мурод Жўра Рашид» фермер хўжалиги ихтиёрида бўлган. А.Шодиев ҳужжатлар билан 341-контурдаги «Мурод Жўра Рашид» фермер хўжалигидан ер майдони унга ҳеч қачон тегишли бўлмагани ҳақида ёзма тилхат тақдим этади. Лекин фермер М.Жўраев уни ўз корхонасининг муҳри билан тасдиқламаган.

Шунингдек, давлат ташкилотларининг жавоб хатлари ёзишмаларда масала юзасидан улар якдил, битта позицияга эга эмаслиги ойдинлашди. 

Ғиждувон туман ҳокимлиги эса судга даъво аризаси киритганда фойдаланилмай ётган, фермер хўжалигига тегишли бўлмаган (!) ердан ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилганини даъво қилади. Ҳолбуки, ноқонуний қурилиш ишлари фермер хўжалиги томонидан фойдаланиб келинган ерлардан ўзлаштирилиб олиб борилган. Бу эса туман ер тузиш ва кадастр бўлимида ўз ишини пухта билмайдиган инсонлар ишлаётганини билдиради. Улар ҳам вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасидаги ходимлар сингари можаронинг бошланишидан замонавий технологиялардан фойдаланилганида, чалкашлик келтириб чиқармасдан, ер фермерга тегишли бўлгани ҳақидаги метин фактни ушлаб, А.Шодиевнинг бошланғич барча даъволарига нуқта қўйишлари мумкин эди.

Масалан, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Н.Кенжаевнинг вилоят ҳокимига масала юзасидан далолатнома тузиб, ёзган билдиришномасида қурилиш ишлари М37 автомагистралининг ёқасида олиб борилаётганини ёзишади. Лекин қурилиш ишлари автотрассадан 200 метр ичкарида, даладан кейин, Дарсозлар қишлоғидан ўтган сойнинг ёқасида олиб борилган. Айнан вилоят ҳокими Ў.Барноевнинг топшириғига кўра, Н.Кенжаев бошчилигида тузилган мана шу далолатномада аэрокосмик фотосуратга кўра, қурилиш олиб борилаётган майдон аввалроқ «Мурод Жўра Рашид» фермер хўжалигига тегишли бўлгани масаласи ойдинлаштирилган. (Далолатномада 69 бонитетли ер дея кўрсатилган экин майдонининг аҳволига қаранг).

Тан олиш керак, барча лойиҳа ҳужжатлари тўйхона ёки кафе эмас, спорт мажмуаси сифатида кўрсатиб тайёрлангани, қурилиш ишлари шу тасдиқланган лойиҳага кўра олиб борилганига қарамасдан, унинг чизмалари ўрганиб чиқилганида, бино қурилиши якунлангач, келажакда ундан бемалол тўйхона ёки умумий овқатланиш корхонаси сифатида ҳам фойдаланиш мумкинлиги маълум бўлди. Масалан, бинонинг иккинчи қавати футзал ўйналадиган катта зал сифатида лойиҳалаштирилган. Атрофи катта деразалар билан ўралган катта зал — футзал учун.

Алишер Латиповнинг айтишича, қишлоқда ёшларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун умуман шароит йўқ, ҳаттоки қишлоқ мактабида ҳам спортзал йўқ. Қурилаётган мажмуанинг биринчи қаватида тренажёр заллари, стол тенниси хоналари, ювиниш ва ечиниш хоналари лойиҳалаштирилаётган эди. Боз устига, тадбиркор томонидан қурилишга ёндош ҳудуд ободонлаштирилган, хусусан қишлоқ ичидан ўтаётган катта сой ичи йиллар давомида йиғилган чиқиндилардан тозаланиб, қирғоқлари бетонланиб, устига иккита кўприк барпо этилган.

Айни пайтда, қурилиш ишлари бузиб ташланган майдон қишлоқ хўжалиги юритиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, боз устига, суд қарорига кўра, энди майдон туман ҳокимлиги захира ер фондига ўтказилгани, Дарсозлар қишлоқ фуқароларининг кўп сонли мурожаатлари асосида, ушбу ер майдон қонуний равишда «Афзалбек Асилбек Азизбек спорт» хусусий корхонасига сотилиши, қурилиш ишлари бошқатдан бошланиши чигал масаланинг энг чиройли ечими бўлар эди.

 


 

Чунки бу жой экин учун ярамаслиги аниқ. Воқеа жойига бориб ўрганганимизда, фермер хўжалигига тегишли ер майдонининг унумдорлиги жуда пастлиги, ер шўрлаб, қамиш босиб ётгани, ҳали пишиб етилмаганига қарамасдан, ёндош «Мурод Жўра Рашид» фермер хўжалиги майдонига экилган ғалла муддатидан олдин ўриб ташлангани маълум бўлди. 

Туман захира ер фондига ўтказилган бўлса, мана шундай қураман, фойдаланаман, деган тадбиркорларга берилмасдан ер кимга берилади? Тадбиркор қурилиш учун пул сарфлаган, банкдан кредит олган, айни пайтда кредит фоизларини тўлаб бормоқда. Ҳаттоки ўзи миниб юрган автомашинасигача сотган. Алишер Шодиев мажмуа келажакда битганда, уни гаровга қуйиб, янада каттароқ ишлаб чиқариш корхонаси очиш, кўпроқ ишчи ўринлари яратиш нияти бўлганини ҳам айтиб ўтди.

Боз устига, ҳақиқатан ҳам Дарсозлар қишлоғидаги 57-мактабда спорт зали йўқлиги, ушбу мажмуа мурожаатчи ваъда қилаётганидек, қуриб фойдаланишга топширилса, қишлоқ аҳолисининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилиши, бу ердаги соғломлаштириш ва гўзаллик масканларида аризачи таъкидлаганидек, 10 дан зиёд янги иш ўринлари очилиши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов,
Кун.uz журналисти