HUAWEI: “Мақсадимиз Ўзбекистонда бизнесимизни ривожлантиришгина эмас”

Жамият 24 Май 2017 4146

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ дунёга эшикларини очди. Ривожланган мамлакатлар компаниялари, илмий марказлари, олий ўқув юртлари ўзларининг инновацион ғоя ва амалий таклифлари билан кириб келдилар. Ҳар бир шартномага мамлакат тараққиёти ва истиқболи нуқтаи- назаридан ёндошилди. Ўзбекистоннинг муҳим стратегик ҳамкори – Хитой бу жараёнда фаол иштирокчилардан бири бўлди. Унинг Huawei компанияси эса тез орада юрт равнақи йўлида астойдил ишлаётган Ўзбекистон компания ва идораларининг ишончли шеригига айланди.

Биз Huawei компаниясининг Шеньчжендаги қароргоҳида бўлиб, унинг ташқи алоқалар бўлими вице-президенти Уолтер Женнингс билан учрашдик ва компания фаолияти, Ўзбекистонга мўлжалланган лойиҳалар ҳақида суҳбатлашдик.

- Huawei дунё рейтингида жуда тез ривожланиб бораётган компаниялардан бири, деб эътироф этилди. Бунинг асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

- Биласизми, мен ўзим ҳам шу саволга хамиша жавоб излайман. Мана қаранг, бундан 30 йил аввал, яъни 1987 йилда жаноб Жень Чжэнфэя атиги 5680 доллар низом жамғармаси билан иш бошлаган. 2016 йилда компания 75,6 миллиард долларлик товар айланмасига эришди. Ақл бовар қилмас юксалиш! Биз учун чегараланган иш вақти, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Биз ҳар доим, кабинетда, корхонада, тушликда, брифингларда, куну-тун иш жараёнида бўламиз, иш ҳақида ўйлаймиз ва сўзлаймиз. Ишонинг, айрим лойиҳалар муҳокамаси ҳатто тушимда ҳам давом этгандек бўлади. Компаниянинг каттадан кичигигача ҳаммаси фидойи одамлар. Бу баландпарвоз гап эмас. Компания иқтисодий равнақи, даромади, нуфузидан барча баробар манфаатдор. Жаноб Жень Чжэнфэянинг ғоят муҳим иш юритиш услубларидан бири шуки, компания аъзоси, у ишчими, муҳандисми, бошқарувчими, қайси лавозимда бўлмасин - акциядор бўлиши керак. Шунда у провард натижадан манфаатдор бўлади. Энди унга насиҳатнинг кераги йўқ. Ҳозир Huawei’да 170 мингдан зиёд одам ишлайди. Акциялар улар орасида тақсимланган. Компания асосчиси жаноб  Жень Чжэнфэя эса ўзида 1,4 фоиз акция қолдирган холос.

- Симсиз алоқа ва телекоммуникация соҳасида етакчи бўлиб туриш осон бўлмаса керак....

- Албатта. Huawei лойиҳалари дунёнинг 170 та мамлактида қўлланиляпти. Лекин биз бу натижа билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Юздан зиёд пойтахт шаҳарларда бизнинг “Хавфсиз шаҳар” лойиҳамиз ишга тушган. 300 дан зиёд молия идораси, аввало энг йирик ва машҳур банклар тизими, сув кемалари, темир йўл ҳаракати бундай хизмат туридан фойдаланмоқда. Биргина 2016 йилда 130 миллион дона Huawei бренди билан смартфонлар сотилди. Компаниямиз 56 мингта ихтиро лицензиясини олди. Дунёнинг 16 та мамлакатида йирик илмий марказлар тузганмиз ва улар маҳсулотларимизни такомиллаштириш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш устида изланяпти. Биз ҳар йили даромаднинг 10-15 фоизини ана шу илмий марказларга сарфлаймиз. 2016 йилда у 7,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу рақамлар ортида илмий асосланган ғоят машаққатли меҳнат турибди.

- Бугун Huawei маҳсулоти кириб бормаган, унинг хизматидан фойдаланмайдиган Ўзбекистонда бирон хонадон қолмади.

- Бизнинг маҳсулот ёки хизматдан дунёнинг ҳар учинчи одами фойдаланяпти.

- Шундай экан, истиқбол режалари қандай?

- 1999 йилда Ўзбекистон алоқа ва телекоммуникация бозорига кириб келдик. “Юнител”, “Билайн”, “Ўзмобайл” бизнинг лойиҳалар асосида ишлади. Ҳозир юртингиздаги бўлинмамизда 300 дан зиёд мутахассис бор, уларнинг 75 фоизи маҳаллий ёшлардир. Мақсадимиз Ўзбекистонда бизнесимизни ривожлантиришгина эмас. Тошкент информацион технологиялар Университетига оталик ёрдами кўрсатамиз. Янги ишланмалар, ёш олимлар, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш жамғармаси бор. 200 дан зиёд талаба ва мутахассис Huawei компаниясида малака оширди. Бу йилдан ИНҲА Университети талабалари ҳам Хитойда амалиёт ўтайдилар. Бундан ташқари, мамлакатингизда стол тенниси, бокс федерацияларини қўллаб турамиз. Ҳозир эса “Ўзбектелеком” билан ҳамкорликда жуда катта сиғимга эга электрон ахборот банкини, халқ таълими вазирлиги билан электрон таълим тизимини яратмоқдамиз. “Трансгаз” тармоғига SCADA Telecom лойиҳасини тақдим этдик. Буларнинг ҳар бири Ўзбекистон учун аҳамиятли лойиҳалардир.

Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун қулай муҳит ва қонунчилик асосларини яратган. Қолаверса, дунёда ўзбек халқидек очиқ кўнгил, меҳмондўст одамларни учратмаганман. Шунинг учун Huawei Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтириш, ҳамкорлик тармоқларини кўпайтириш ниятида. Ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасини компьютерлаштириш, симсиз алоқа ахбороти хавфсизлигини мустаҳкамлаш, смартфон, фотоаппарат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рақамли технологияни кенг жорий этиш, информацион технологиялар илмий марказини очиш каби лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, уларнинг жорий этилиши Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир қилиш билан бирга аҳоли турмуш даражасини янада юксалишига хизмат қилади.

- Компаниянинг шиори қандай?

- Очиқлик, дўстлик, интилиш. Бу бизни етаклаётган ғоялар. 170 минглик жамоа бир тану бир жондек ишламаса, бугунги натижага эришиб бўлмасди. Биз ҳар биримизга ишониб ишлашимиз керак. Шунинг учун ички сиёсатда очиқлик принципини  танлаганмиз. Ҳатто компания бошқарувида ҳам шундай. Раиснинг учта ўринбосари бор ва улар навбат билан олти ойдан компанияни бошқарадилар.

Инсоний дўстлик туйғуси вужудимизда. Натижадан қониқмаслик, олға интилиш муваффақият калити, деб ҳисоблаймиз.

Дунё ОНЛАЙН ахборот тизимига ўтиб боряпти. Биз шундай услубда ахборот  матни ва тасвирини узатадиган смартфонлар ишлаб чиқаришни беш баробар кўпайтирмоқчимиз....

Стратегик режаларимиз компаниянинг ички хизмат ахбороти бўлсада, уни ўзбекистонлик ўқувчилар билан баҳам кўрмоқчи бўлдик.

- Қизиқарли сухбатингиз учун ташаккур.

- Биз Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни амалга оширишга бироз улушимиз қўшилишидан бахтиёрмиз. Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга Давлат ташрифи ғоят самарали бўлди ва имзоланган ҳамкорлик шартномаларининг бири Huawei компанияси билан экани бизда фахр уйғотади. Биз ҳали биргаликда янада юксакроқ марраларни эгаллаймиз.

Суҳбатдош  Муҳаммаджон Обидов

Тошкент-Пекин-Шеньчжен.

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 9877 Lifestyle
Ҳафта дайжести: 50 минг сўмлик пул, мактаб формаси, бепарво МИБ, қотил ушланди, кирилл-лотин машмашаси, Барселонадаги теракт...
00:16 22786 Жаҳон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 45469 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 46887 Lifestyle
Сайёҳлар энг кам борадиган давлат номи маълум қилинди
13:42 0 Lifestyle
«Ўзсаноатэкспорт» маҳаллий экспорт қилувчиларга ёрдам беради
Газ идорасига тилла буюмлар орқали тўловни амалга оширишини ваъда қилган фирибгар аёл ушланди
13:33 173 Жамият
Самарқанд шаҳри ҳокими ўзгарди: Раҳимов ўрнига бошқа Раҳимов
ТИВда Россия парламент делегацияси билан учрашув ўтказилди
Уйни воситачисиз сотиш усуллари – ҳужжатлар
13:20 681 Жамият
Кўпроқ янгиликлар