«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер Англия Кубоги финалида «Челси»га қарши кечадиган учрашув арафасида ўз келажаги борасида берилган саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Мустафи ҳали бетоб ва машғулотларда иштирок этмаяпти. Албатта, Пауилстанинг «Эвертон» билан учрашувда жароҳатланиши бизга ортиқча муаммоларни туғдирди. Барча биладики, Косьельни ўша ўйинда олган қизил карточкаси туфайли Кубок финалида ўйнай олмайди. Футболда нималар бўлишини олдиндан билиб бўлмайди. Аммо биз «Челси»га қарши ўйин олдидан муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, бунинг йўли топилади.

Исталган ҳолатда ҳам, шанба кунги ўйин – менинг охирги ўйиним бўлмайди. «Арсенал»дан кетсам ҳам футболдан кетмайман. Йўқ, мен ҳозирда босим остида эмасман. Менинг вазифам – Англия Кубогида ғалаба қозониш», – дея франциялик  мутахассиснинг сўзларини келтирган «Советский спорт».