Қозоғистон парламенти қуйи палатаси – Мажлис депутатлари биринчи ўқишда қонунчиликка киритилаётган ўзгартишларни маъқуллади. Шу билан айрим қонун ҳужжатлари ва кодекслари мамлакат Асосий Қонуни меъёрларига мослаштирилди. Конституцияда қўшимча жиноий жазо тури сифатида фуқароликдан маҳрум этиш кўзда тутилган, деб хабар қилади РИА Новости.

"Фуқароликдан маҳрум қилиш кўринишидаги қўшимча жиноий жазо тури Жиноят кодексининг 21-моддасида кўзда тутилган", — деб маълум қилган Қозоғистон адлия вазири Марат Бекетаев палатанинг пленар мажлисида қонун лойиҳасини тақдим этар экан. 

Унинг сўзларига кўра, Жиноят кодексининг 10-моддасида кўзда тутилган 14та ўта оғир террорчилик жиноятларини содир этганларга муқобил жазо тури сифатида фуқароликдан маҳрум этиш таклиф қилинмоқда. Масалан, терроризм, террорчилик гуруҳини ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш, унинг фаолиятида иштирок этиш шулар жумласидан. 

Вазирнинг изоҳ беришича, Конституциявий тузумнинг бузилмаслиги асосий миллий манфаатлар доирасига киради. Бу тушунчага, шунингдек, мамлакатнинг мустақиллиги, яхлитлиги ва давлат бошқарувининг президентлик шакли ҳам киради. 

"Қозоғистоннинг миллий ва ўта муҳим манфаатларига оғир зарар етказиши мумкин бўлган жиноятларга ЖКнинг 11-моддасида кўзда тутилган 16та жиноятлар таркиби киритилган бўлиб, улар орасида геноцид, айирмачилик фаолияти, экстремистик гуруҳни ташкил этиш ёки уни бошқариш, ёхуд унинг фаолиятида қатнашиш кабилар бор", — дея маълум қилган Бекетаев.

Умуман, қонун лойиҳаси билан 7та кодекс ва 46та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.