Британия ҳукумати Манчестердаги терактдан сўнг, террорчилик таҳдидини максимал даражага қадар оширишга қарор қилди. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик ҳукумати раҳбари Тереза Мэй маҳкама аъзолари билан фавқулодда йиғилишдан кейин маълум қилди.

Бу Британия тарихида террорчилик таҳдидини учинчи бор максимал даражага чиқарилиши ҳамда полиция ушбу чоралар вақтинчалик киритилганига умид қилмоқда. Аввалроқ максимал даража энг кўпи билан тўрт кунга киритилганди.

2013 йилда, Лондон шимолида икки нафар радикал ҳарбий хизматчи Ли Ригбини ўлдиргач, 2017 йилнинг мартида парламент олдидаги теракт, шунингдек, Европадаги қатор терактлардан сўнг, Британия ҳукумати 2014 йилнинг ёзидан бери “жиддий” даражада сақланиб турилган террорчилик таҳдиди даражасини янада оширишдан бош тортиб келганди.

Ҳозирча даража оширилишига айнан нима сабаб бўлгани номаълум. Бунда Манчестердаги қурбонлар сони ёки тайёрланаётган янги терактлар ҳақидаги разведка маълумоти катта ўрин тутган бўлиши мумкин, бироқ бош вазир Мэй хавфсизлик чораларини оширишга қатъий аҳд қилди.

Манчестердаги теракт душанба куни кечқурун, америкалик қўшиқчи Ариана Гранденинг концерти вақтида юз берди. Портлашни худкуш террорчи амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 22 киши ҳалок бўлди, тахминан 120 инсон жароҳатланди, улардан 59 нафари касалхонада қолмоқда. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида кўплаб болалар бор: маълум бўлишича, 16 ёшдан кичик бўлган 12 киши вафот этган. Бундан ташқари, бир неча ўсмир бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда. Портлаш учун масъулиятни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

Армия оёққа турғазилди

"Манчестердаги теракт муносабати билан террорчилик таҳдиди даражасини жуда жиддийдан максималга қадар ошириш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу нафақат терактлар юз бериши мумкинлиги, балки улардан қочиб бўлмаслигини англатади. Бу кўплаб муҳим жойларда полициячиларнинг ўрнини ҳарбийлар эгаллашини билдиради", - деди Мэй ҳукумат аъзолари ва махсус хизматлар вакиллари таркибига кирувчи COBRA йиғилиши якуни бўйича.

Мэйнинг сўзларига кўра, террорчилик таҳдиди даражасининг оширилиши, янги терактлар юз бериши мумкинлигини англатади.

"Мустақил ташкилотлар суриштируви ва разведка маълумоти асосида... шундай хулосага келиндики, айни дамда таҳдид даражаси жиддийдан максимумга қадар оширилиши зарур. Бу, терактлар нафақат юз бериши мумкинлиги, балки улардан қочиш жуда қийинлигини кўрсатади", - деди бош вазир.

Фото: AP

Ўз навбатида Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон мамлакатда хавфсизликни таъминлашга ҳарбийлар жалб этилишига рухсат берди.

"Полиция мудофаа вазирлигига ҳарбийларни жалб этиш бўйича мурожаат юборди ҳамда вазир ижобий жавоб берди", - деди Мэй.

Унинг тушунтиришича, ҳарбий хизматчилар полиция патрулларини кучайтиради, баъзи жойларда эса тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли гавжум ерларда полициячиларни алмаштиришади.

ОАВ маълумотига кўра, гап минглаб ҳарбий хизматчилар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Лондон ҳокими Содиқ Хон шаҳар аҳолисини огоҳликка чорлади ва Лондон кўчаларида яқин вақтда кўплаб полициячилар ҳамда ҳарбийлар пайдо бўлишини тасдиқлади. "Шаҳар кўчаларида полициянинг қўшимча ходимлари, жумладан, ҳарбий хизматчилар пайдо бўлади. Лондонда ҳарбийларни ҳам кўришимиз мумкин бўлади – улар полицияга хавфсизликни таъминлашда кўмак беради ва муҳим объектларни қўриқлайди", - дейилади Хоннинг баёнотида.

Унинг таъкидлашича, Лондон қутқарув хизматлари ҳар доим тайёр ҳолатда ва турли вазиятларда ҳаракатланиш бўйича барча сценарийлар яхши ишлаб чиқилган.

"Барча лондонликлар ва шаҳар меҳмонларини хотиржамликка ва огоҳликка чақираман, ҳамда барча шубҳали нарсалар ҳақида полицияга хабар беришни сўрайман", - дея таъкидлаб ўтди ҳоким.

Тарихда учинчи марта

2006 йилнинг ёзида террорчилик таҳдиди даражаси ўлчов бирлиги жорий этилганди, ўшанда унинг даражаси “жиддий” этиб белгиланди.

Энг юқори максимал даражадан сўнг, “анча жиддий”, “жиддий”, “мўътадил” ва “паст” даражалар келади. Шу билан бирга, сўнгги иккитаси ҳозирча қўлланилмаган – террорчилик таҳдиди даражаси ҳеч қачон “жиддий”дан пастга тушмаган.

2006 йилнинг августи ўрталарида Британияда террорчилик таҳдиди даражаси илк бора максимумга қадар оширилди ва бу ҳолат уч кун давомида қолди.

2007 йилнинг июни охирларида хавф даражаси яна максимал даражага чиқди, у беш кундан сўнг бекор қилинди. Кейинги уч йил давомида ҳукумат хавф даражасини навбатма-навбат “жиддий” ёки “жуда жиддий” сифатида белгилаб келди. 2011 йилда таҳдид даражаси “жиддий” даражага туширилди ва бу ҳолатда тўрт йил давомида қолди.

Фото: AP

2014 йилнинг августида хавф даражаси “жуда жиддий”га оширилди, 2017 йилнинг 23 май куни эса – “максимал”га қадар кўтарилди.

Скотланд-Ярднинг аксилтеррорчилик бўлинмаси раҳбари Марк Роули Буюк Британияда террорчилик таҳдиди даражаси узоқ вақт давомида максимал даражада қолмаслигига умид қилишини билдирди.

"Мен келажак ҳақида нимадир демоқчи эмасман, бироқ тарихимизга назар солсангиз, таҳдиднинг бундай даражаси – жуда ноодатий ва кам қўлланилувчи чорадир. У ҳеч қачон узоқ сақланиб қолмайди, ҳамда биз бунга умид қиламиз. Ҳозирги даврда биз қўлимиздан келган барча ишни қилмоқдамиз, ва ҳарбийлар бизга ёрдам беради", - деди Роули.

Афтидан, британиялик

Манчестерда терактни амалга оширишда 22 ёшли Салмон Ободий гумон қилинмоқда, деб хабар берди шаҳар полицияси раҳбари Иан Хопкинс.

"Терактни ким амалга оширганига келадиган бўлсак, биз 22 ёшли Салмон Ободийни гумон қилмоқдамиз. Аммо ҳозирча коронернинг тасдиқловини олмадик, шунинг учун бу борада бошқа изоҳ бера олмаймиз", - деди Хопкинс журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, Манчестерда ўтказилган аксилтеррорчилик амалиёти доирасида бир киши қўлга олинди.

"Теракт туфайли ўтказилган амалиёт доирасида 23 ёшли эркак қўлга олинди... Биз маҳаллий аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ ҳам уздик", - деди Хопкинс.

Шу билан бирга, бош вазир Мэйнинг маълум қилишича, Буюк Британия полицияси ва махсус хизматлари Манчестердаги терактга бошқа кишилар алоқадор бўлгани юзасидан текширув олиб бормоқда.

"Эҳтимол, бу даҳшатли терактни Манчестерда туғилган бир киши амалга оширмаган. Эҳтимол, бунинг ортида маълум бир шахслар гуруҳи турибди", - деди Мэй.

Унинг қўшимча қилишича, бу версия террорчилик таҳдиди даражасини оширишда муҳим ўрин тутди.

Аввалроқ Манчестер полицияси стадиондаги терактни текшириш доирасида 23 ёшли эркак ҳибсга олинганини хабар қилди. Шунингдек, жиддий қуролланган полициячилар Манчестер жанубидаги уйлардан бирида махсус амалиёт ўтказди ва Фэллоуфилд туманидаги бинолардан бирига кириш учун назорат қилинган портлашни амалга оширди.

Манчестер жанубидаги яна бир туман - Уолли-Рейнжда сешанба куни бошқа бир махсус амалиёт ўтказилди. Полиция ҳибсга олиш учун ордерлар ҳам берган.