Англиянинг «Манчестер Сити» клуби «Арсенал» ҳимоячиси Эктор Беллеринни сотиб олиш учун қайта уриниб кўрмоқчи. Бу ҳақда Tribuna.uz нашри ёзмоқда.

Манба берган хабарга кўра, «Манчестер Сити» Эктор Беллерин трансфери бўйича расмий таклиф билан чиққан. 22 ёшли испаниялик футболчининг мухлисларидан бири саналган «шаҳарликлар» устози Пеп Гвардиола уни жамоада кўришни истамоқда.

Манчестер клуби раҳбарияти анчадан буён футболчига қизиққан, бироқ трансфер бўйича расмий таклифни бериш учун мавсум якунини кутишган. Ҳозирча трансфернинг амалга ошиши қийин бўлиши тахмин қилинмоқда. Бунга футболчининг «Арсенал» билан узоқ муддатли шартномаси халақит бериши мумкин. Шунингдек, футболчига унинг собиқ жамоаси «Барселона» ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Беллериннинг бошланғич нархи 40 миллион евродан (34,5 миллион фунт стерлинг) кам бўлмаслиги айтилмоқда. Одатда жамоалар ҳимоячилар учун бунча миқдорда пул тўлаб таваккал қилишни истамайди, аммо «Манчестер Сити» испаниялик футболчи учун шунча маблағ сарфлашга тайёр бўлиб турибди.

«Сити» шунингдек, «Бенфика» қанот ҳимоячиси Нелсон Семедуга ҳам қизиқиш билдирган. Бироқ португалиялик футболчи Беллерин «Арсенал»ни тарк этишни истамаса захира варианти сифатида қаралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» ўнг қанот ҳимояси учун биринчи навбатда «Тоттенҳэм» ҳимоячиси Кайл Уокер номзодини кўриб чиқмоқда. Беллерин ва Семеду айнан Уокерга ўринбосар бўлиши керак бўлган футболчилар сифатида эътироф этилган.