Янгиқўрғонлик Ботир Саидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фермер хўжалиги раҳбари бўла туриб, хўжалик равнақидан кўра, киссасини қаппайтириш ғамига тушиб қолди. Ҳатто ўзи таъсис этган МЧЖни бошқараётган ўғли Носирни ҳам шу йўлга бошлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Б.Саидов тумандаги банклардан бирининг собиқ бошқарувчиси Ислом Қаюмов билан жиноий тил бириктириб, фермер хўжалигига қорамол сотиб олиш учун 70 млн. сўм кредит олишга эришди. Албатта, И.Қаюмов ҳам бу “саховати” учун яхшигина “сийланди”.

Маблағ тумандаги хусусий корхоналардан бирининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилгач, фермер хўжалигига қорамоллар ажратилди. Аммо Б.Саидов бу қорамолларнинг 14 бошини сотиб юбориб, пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юраверди.

Кўп ўтмай яна И.Қаюмовнинг кўмаги билан ўғли Носир бошқараётган МЧЖга қорамол сотиб олиш учун 140 млн. сўм кредит ажратилишига эришди. Бироқ қорамол сотиб олиш ўрнига, бу маблағнинг 100 млн. сўмини ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг, 40 млн. сўмини эса хусусий корхоналардан бирининг ҳисоб рақамига ўтказиб юборади. Ўзича расмий ҳужжатларни сохталаштирди ва бу билан гўёки қорамол сотиб олганини акс эттирди. 48 млн. 130 минг сўм маблағни банк кассаси орқали нақдлаштирди. Бу пулни таниш фермернинг кредитдан бўлган қарздорлигига йўналтириб, эвазига унинг тракторини сотиб олди. Қолган маблағларни эса ўз манфаатлари учун сарфлади.

Орада Б.Саидов И.Қаюмов билан тил бириктирган ҳолда тумандаги фермер хўжаликларидан бирига 180 млн. сўмлик қорамол сотиб олиш учун кредит расмийлаштиришга улгуради. Сўнгра бу маблағни ўзининг фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб, ўзлаштириб юборади. Боз устига, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгач, суд мажлисида ҳам ёлғон гувоҳликлар беришдан уялмайди.

Ана шундай кунларнинг бирида фермер банкир таниши И.Қаюмов билан муросага келолмай, уни ўғли билан бирга гўёки қорамол кредит борасида ўзаро маслаҳатлашиб олиш баҳонасида ўз уйига олиб келади. Ота-бола уни уриб-калтаклаб, тан жароҳати етказишади. Бу ҳам камлик қилгандек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ундан пора талаб қилгани юзасидан туҳмат қилиб, тегишли ташкилотларга арз қилишдан ҳам орланмайди.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида Б.Саидов, ўғли Н.Саидов ҳамда унинг жиноий шериги И.Қаюмовнинг хатти-ҳаракатлари атрофлича ўрганиб чиқилиб, улар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.