Ҳаво тозаловчи минора ихтиро қилиб тилларга тушган ихтирочи ва дизайнер Даан Русегаард Пекиндаги ҳаво тозалиги учун қайғуришда давом этмоқда.

Дааннинг ватани Нидерландияда ҳавонинг ифлослангани масаласи кун тартибида бу қадар муҳим бўлиб тургани йўқ, шу сабабли у бор куч-ғайратини зарур ҳудудларда ишлатишга қарор қилган, Пекин эса ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири саналади.

Бироқ, тозаловчи минораларни қаергадир жойлаштириш керак, бунинг учун катта ер майдонлари талаб этилади, тиғиз Пекинда бунинг иложи йўқ. Шу сабабли рассом инсон нафас оладиган ҳавони тозалашнинг янги усулини ихтиро қилиб, фильтрларни янада ихчамроқ кўринишга келтирди, энди уни, масалан, велосипедларга ўрнатиш мумкин.

Хитойда велосипед ижараси хизмати жуда ривожланган, мамлакатда бу иш билан шуғулланувчи ўттиздан ортиқ йирик компания бор. Уларнинг ҳар биридаги веложамланмалар сони юз минглаб велосипедлардан иборат. Хўш, нега энди уларнинг кичикроқ қисмини тозаловчи қурилмалар билан таъминламаслик керак? 

Даан ихтиро қилган ҳаво тозаловчи миноралар ҳавога мусбат ионларни тарқатади, у инсон учун зарарли митти ва ўта зарарли зарраларга ёпишади ва минора ичига сўрилади. Бу технологияга кўра ҳавога тарқалган, бошқа усул билан йиғиб бўлмайдиган кичик заррачалар йиғилади. 

Дизайнернинг қайд этишича, Хитой билан иш бошлашига сабаб, бу мамлакатда ҳукумат велотранспортнинг жорий этилишини тамоман қўллаб-қувватлаб келади, боз устига, Даанинг жамоаси арбоблар билан ҳам танишиб олган.