Туркия ҳукумати 2016 йилнинг 15-16 июль кунлари амалга ошмай қолган давлат тўнтарувига уринишдан кейин 147 та оммавий ахборот воситасини рухсатномасидан маҳрум қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги Туркиянинг улушлар ва жамғармалар давлат жамғармасининг чораклик ҳисоботига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда

Жамғарманинг маълумотларига асосан, 2017 йил марти охирига кўра, Туркия ҳукумати юзлаб компаниялар устидан назоратни ўз қўлига олди: бу компанияларга янги раҳбарият тайинланган ёки улар умуман тугатилган. Гап умумий капиталлашуви 11,3 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилувчи 879 та фирма ҳақида кетмоқда. Бу фирмаларда 45 минг одам меҳнат қилган. Ўз ишини тўлиқ тўхтатган компаниялар орасида 147 та ОАВ ҳам бор.     

Ахборот агентлигининг маълум қилишича, Анқара мухолифатчи Фатҳулла Гуленнинг ФЕТО ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилинган банклар, ОАВ ва бошқа корхоналар устидан назоратни ўз қўлига олмоқда. Туркияда айнан Гулен давлат тўнтарувига уринишнинг бош ташкилотчиси деб ҳисобланади.     

Туркия ҳукумати ўтган йил ёзидан бошлаб ФЕТОга қарши курашиш чоралари доирасида давлат хизматидан минглаб одамларни четлатди, 113 мингга яқин фуқаро ушланган ёки ҳибсга олинган. Улардан 50 мингдан кўпроғи қамоқларда ушлаб турилибди, улар орасида ўнлаб журналистлар ҳам бор.