Россия Давлат думасидаги 3та фракция вакиллари мессенжерлардаги фойдааланувчилар шахси аниқ бўлишини талаб қилувчи Федерал қонун лойҳасини қуйи палата муҳокамасига киритди. «Единая Россия», «Справедливая Россия» ва РФКП фракциялари ҳамкорлигида тайёрланган ҳужжат қисқа хабарларни алмашишни йўлга қўйган ташкилотчи қонунчиликка биноан шахси аниқланган фойдаланувчилар хабарларини юборишга рухсат беришни талаб қилади. 

Бунда шахсни аниқлашда эса, унинг абонентлик рақамидан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Бунинг учун мессенжерлик хизматини кўрсатувчи алоқа оператори билан шартнома имзолаши керак. 

Депутатлар, шунингдек, «мессенжер»ларга бошқа фойдаланувчилардан электрон хабар олишни рад этиш, давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан электрон хабарларни тарқатиш имконияти берилишини талаб қилишмоқда. 

Давлат думасининг ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа қўмитаси раиси Леонид Левиннинг айтишича, «ушбу қонун лойиҳасининг муҳим янгилиги мессенжерлар фойдаланувчиларининг телефон рақамлари орқали мажбурий аниқланишини жорий қилишдир. Бу чора жиноятчиларнинг террорчилик актлари ва таъмагирлик ҳаракатларини содир этиш ва мувофиқлаштиришда имкониятларини жиддий чегаралайди». Шу билан бирга, депутат «бу йўналишдаги қадамлар қонунга бўйсунувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлари чекланишига олиб келмаслиги муҳим экани»ни таъкидлади.