Туркия бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш 24—26 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берган. 

У Ўзбекистонга савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг тўртинчи мажлисида иштирок этиш учун келмоқда.

Мажлисда Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилик қилади. 

25 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисида томонлар турли соҳалардаги ҳамкорлик ривожи бўйича масалаларни муҳокама этади.

Шу куни икки давлат ишбилармонлари, фирма ва компаниялари вакиллари ўртасида бизнес форум ва икки томонлама учрашувлар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Наби Авжи бошчилигидаги делегация ҳам 24—26 май кунлари Ўзбекистонга ташрифини амалга оширади.

Ушбу ташриф доирасида делегация таркибидаги турк сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши кўзда тутилган. Туркиялик вазир ташриф доирасида Бухорода ўтказиладиган «Ипак ва зираворлар» фестивалида ҳам иштирок этади.