Ўртада ЕЧЛ йўлланмаси. Европа лигаси финали ҳақида

Спорт 24 Май 2017 12807
Фото: Twitter/@UefaLeguage

Бугун Швециянинг Стокҳолм шаҳрида Европа Лигасининг бу мавсумдаги сўнгги ҳал қилувчи учрашуви — финал бўлиб ўтади. Унда Нидерландиянинг «Аякс» жамоаси Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби билан куч синашади. Tribuna.Uz ҳафтанинг энг муҳим учрашувига батафсил тўхталиб ўтади.

Европа лигаси. Финал
«Аякс» - «Манчестер Юнайтед» (24 май, 23:45, UzReport, Матч ТВ, Матч! Футбол 1)


Ўйин олдидан

«Аякс»

«Аякс» бу мавсумда Нидерландия чемпионлигини «Фейеноорд»га бой бериб қўйди. Жамоа апрель ойининг сўнггида ПСВга имкониятни бой бергач, узил-кесил бу умиддан айрилганди. Эндиликда жамоа бор-эътиборини еврокубоклардаги ғалабага қаратган.

«Манчестер Юнайтед»

Жозе Моуриньо бундан бир неча йил олдин таъкидлаган фикридан қайтишга мажбур. Ўшанда Европа Лигасидаги ғалабани ўзи учун ор деб билган мутахассис бугун фақатгина шу мусобақа орқали ЕЧЛ йўлланмасига эга чиқиши мумкин. АПЛ сўнгги тури олдидан бешта учрашувда ғалаба қозона олмаган жамоа 6-ўринни эгаллаши аниқ бўлиб улгурганди. Ўтган ҳафтада финал олдидан сўнгги тур учрашувда «Кристал Пэлас» мағлубиятга учратилди. Аммо бу жамоа учун ҳеч нарсани ўзгартиргани йўқ. Моуриньо ЕЧЛда иштирок этиши учун бугунги финални ютиши шарт.

Финалгача босиб ўтилган йўл
«Аякс»

Нидерландлар учун евромавсум узоқ ёзда бошланганди. Европа чемпионлар лигаси 3-саралаш босқичида жамоа Грециянинг «ПАОК» клуби икки ўйин натижасига (1:1, 2:1) кўра мағлуб этиб плей-оффга чиққан, бироқ плей-оффда кутилмаганда «Ростов»га имконият бой берилганди (1:1, 1:4).

Шундан сўнг «Аякс» Европа Лигаси гуруҳ босқичига йўл олган ва бу ерда 14 очко билан гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритганди (тўплар нисбати 11:6). Жамоага гуруҳда Бельгиянинг «Стандард» (1:0, 1:1), Грециянинг «Панатинаикос» (2:0, 2:1) ва Испаниянинг «Сельта» (2:2, 3:2) клублари рўбарў келганди. Баҳорги турни (1/16 финал) «Аякс» қийинчилик билан бошлади. Польшанинг «Легия» клуби 0:0, 1:0 ҳисобларида мағлуб этилди. Нимчорак финалда Даниянинг «Копенҳаген» клубига меҳмонда 1:2 ҳисобида ютқазган жамоа, ўз уйида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Чорак финалдан ҳақиқий қийинчиликлар бошланди. Бу босқичдан «Аякс» фақатгина қўшимча бўлимлардаги голлар эвазига кейинги босқичга чиқди. «Шальке»ни уйда 2:0 ҳисобида енгган жамоа, меҳмонда 90 дақиқалик футболда худди шундай ҳисобда мағлуб бўлди. Бир киши кам бўлиб қолган нидерландлар тўртинчи бўлим сўнггида 0:3 фарқини 2:3га туширишга муваффақ бўлди ва ярим финалга йўлланма олди. Ярим финалда эса Петер Боснинг ёш жамоаси «Лион»ни ўз уйида 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, меҳмонда 1:3 ҳисобида ютқазди. Бу жамоанинг финалга чиқиши учун етарли бўлди ва натижада «Аякс» 1996 йилдан буён илк марта еврокубоклар финалида иштирок этадиган бўлди.

Ушбу мавсумда «Аякс» жами бўлиб еврокубокларда 18 учрашув ўтказиб, 9 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати — 27:21.

«Манчестер Юнайтед» мусобақани гуруҳ босқичидан бошлаб, 12 очко тўплади (тўплар нисбати — 12:4) ва ўз гуруҳида 2 ўринни эгаллади. Жамоага гуруҳда Нидерландиянинг «Фейеноорд» (0:1, 4:0), Украинанинг «Заря» (1:0, 2:0) ва Туркиянинг «Фенербаҳче» (4:1, 1:2) клублари рўбарў келганди.

Плей-оффни инглизлар «Сент-Этьен» устидан қозонилган ишончли ғалаба (3:0, 1:0) бошлади. 1/8 финалда Россиянинг «Ростов» клуби мағлуб этилди — 1:1, 1:0. Чорак финалда фақатгина қўшимча дақиқаларда «Андерлехт»дан устун келинди. Иккала ўйинда ҳам асосий вақт бир хил 1:1 ҳисоби билан тугаганди (Манчестерда қўшимча бўлим натижасида 2:1, ғалаба). Ярим финалда эса «Сельта» мағлуб этилди. Меҳмонда 1:0 ғалаба, ўз уйида 1:1, дуранг. Сўнгги дақиқаларда мана шу дуранг ҳам ушлаб қолинмаслиги, бугун финалда «Сельта» ҳақида гапириб ўтирган бўлишимиз мумкин эди, агар Йон Гвидетти тўпни тепишни эплай олганида...

Моуриньо шогирдлари бу мавсум еврокубокларда жами 14 учрашув ўтказиб, 8 ғалабага эришди, 4 дуранг, икки мағлубият. Тўплар нисбати — 22:8.

Ўзаро учрашувлар тарихи
Иккала жамоа шу кунга қадар тўрт маротаба рўбарў келган. Тўртта учрашув ҳам ҳозирги Европа Лигаси мусобақасида кузатилган. Дастлаб 1976 йил ўша пайтда УЕФА кубоги номини олган мусобақада икки жамоа учрашган бўлса, сўнгги тўқнашув 2012 йилги 1/16 финал босқичидаги учрашув бўлган. 4 учрашувда 2 учрашувда «Аякс» ғалаба қозонган бўлса, 2 учрашувда «МЮ»нинг қўли баланд келган. Аммо иккала тўқнашув ҳам плей-офф босқич бўлган иккала ҳолатда ҳам «Манчестер Юнайтед» кейинги босқичга йўлланма олган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— Учрашув Манчестердаги терактлар сабаб бир дақиқалик сукут билан бошланади;
— «Аякс» учрашувда ўртача 22 ёшли таркиб билан тушиши кутилмоқда. Бу еврокубок финаллари тарихида рекорд бўлиши мумкин;
— «МЮ» еврокубоклардаги сўнгги 10та учрашувдан буён мағлубиятга (7 ғалаба, 3 дуранг) учрамаяпти;
— Икки жамоа таркибида ҳам ўтган босқичда қизил карточка олиб ўйинни ўтказиб юборадиган футболчилар бор.

Йўқотишлар
«Аякс» таркибида Виргевер «Лион»га қарши учрашувда олган қизил карточкаси сабаб, майдонга туша олмайди. Шунингдек Синкгравен тиззасидан жароҳат олиб, бу учрашувда иштирок эта олмайдиган бўлган.

«Манчестер Юнайтед» таркибида Эрик Байи «Сельта»га қарши жавоб ўйинидаги қизил карточка сабаб дисквалификация қилинган. Жароҳати сабаб эса Люк Шоу (тўпиғ), Маркос Рохо (тизза, хочсимон пайи) Златан Ибраҳимович (тизза, хочсимон пайи) ва Эшли Янги (тиззаости) майдонга туша олмайди.

Тахминий таркиблар

«Аякс»: Онана, Вельтман, Де Лигт, Санчес, Ридевальд, Клаассен, Шёне, Зиёш, Траоре, Дольберг, Юнес.

«Манчестер Юнайтед»: Ромеро, Валенсия, Жонс, Блинд, Дармиан, Феллайни, Эррера, Погба, Мхитарян, Лингард, Рэшфорд.

Кўпроқ янгиликлар