Катта тезликда ҳаракатлана оладиган автомобиллар рейтинги — анчайин нозик масала. Ишлаб чиқарувчилар автомобилларни идеал шароитларга эга сферик ваакум ичида синашга уриниб келишади, бироқ бу шароитни оддий трассада, ҳаттоки махсус трекдаям амалга оширишнинг иложи йўқ. Бироқ қуйида тилга олиб ўтиладиган ўн автомобилнинг ҳар бири шу йилнинг ўзида барча синовлардан ўтиб бўлган — тезликни яхши кўрувчи учарлар учун уларнинг энг арзони ярим миллион долларга тушади, энг қиммати эса жиддий бир фирманинг бир йиллик даромади миқдорига тенг.

Ferrari 488 GTB

Максимал тезлиги: 350 км/соат

660 от кучига тенг қувват 7800 айланишда машинани 3,5 сонияда 100 км/соат тезликка эришини таъминлайди. Ferrari 488 GTBнинг охирги тезлиги — 350 км/соат. Албатта, шунчага кўтаришга журъатингиз етса.

Pagani Huayra

Максимал тезлиги: 370 км/соат

Аллақандай 1,27 миллион доллар чойчақангиз бўлса, Pagani машинасини бемалол харид қилишингиз мумкин. Машина Mercedes-AMGнинг 6 литр ҳажмга эга V12 двигатели билан жиҳозланган, капоти остидаги қувват 720 от кучига етади.

Zenvo ST1

Максимал тезлиги: 375 км/соат

Данияликлар машина кўп ишлаб чиқаришмайди, лекин ишлаб чиқарган машинаси борки жаҳон афкор оммасининг диққатини ўзига қаратади. ST1 Янги Зеландияда йиғилади, у 6,8 литр ҳажмли, кучайтирувчи ва турбокомпрессорли V8 двигателига эга. Бундай автомобиль бор-йўғи 15 та ишлаб чиқарилган — гарчи уни харид қилиш учун 1,22 миллион доллар тўплай олсангиз ҳам, эгасини сотишга кўндиришингиз қийин кечса керак.

McLaren F1

Максимал тезлиги: 386 км/соат

Гордон Мюррей ва Питер Стивенс замонавий дунёнинг энг яхши спорткарини яратишганини ўзлари ҳам билишмаса керак. Интерьернинг уникал дизайни (ҳайдовчи курсиси ва рул чамбараги салоннинг марказига жойлаштирилган) эгасининг мутлақо худбин характерига ишора қилади. 2005 йилгача F1 сайёрамизнинг энг тез автомобили эди.

Koenigsegg CCX

Максимал тезлиги: 405 км/соат

Ўз вақтида Koenigsegg’ни ҳаттоки кўнглини топиш жуда қийин бўлган Жереми Кларксон ҳам мақтаб ўтган эди. Бошқа томондан, Top Gear пилоти Стиг трекда машинани бошқара олмай, пачоқ қилиб, буни машина орқасида спойлер етишмаслиги билан изоҳлаб қуйганди. Стиг деганларида виждондан асар ҳам йўқ экан-ей!

9ff GT9-R

Максимал тезлиги: 414 км/соат

9ff тюнинг компанияси бу «махлуқ»ни Porshe 911 базасида яратган ва ушбу маркага топиниш даражасига етган минглаб ишқибозларнинг тонналаб нафратига дучор бўлган. Моделнинг дизайни жуда баҳсли, лекин тезликнинг юқори планкаси оддий Porshe учун етиб бўлмас даражадалиги аниқ.

SSC Ultimate Aero

Максимал тезлиги: 430 км/соат

2012 йилда Американинг Shelby SuperCars устахонаси суперкари 412 км/соат тезликка эришиб, Гиннеснинг рекордлар китобига шитоб билан кирди. Назарий жиҳатдан SSC Ultimate Aero 430 км/соатгача тезлашиши мумкин, чунки бу машинада тезликни электрон назорат қилувчи қурилманинг ўзи йўқ.

Bugatti Veyron Super Sport

Максимал тезлиги: 431км/соат

Аслида, юқорида номи тилга олинган SSC Ultimate Aero трекда анча юқори тезлик намойиш этган эди, бироқ Volkswagen вакиллари ҳаммаси ҳайдовчининг маҳоратига боғлиқ, деб аташганди. Bugatti Veyron Super Sport жаҳондаги энг тезкор серияли автомобиль ҳисобланади.

Hennessey Venom GT

Максимал тезлиги: 435 км/соат

Бу машинанинг максимал тезлигини синаб кўриш учун Кенниди космик маркази ҳудудида махсус трек барпо этишган. Биринчи пойгадаёқ Venom GT 435 км/соат тезликка эришган.

Bugatti Chiron

Максимал тезлиги: 463 км/соат

Биринчилик гулчамбари ҳануз Bugatti муҳандисларининг бўйнида осиғлиқ турибди. 2,65 миллион долларга тенг бу ажойиб машина ҳаттоки тажрибасиз ҳайдовчини ҳам йўл қиролига айлантиради: махсус тузатиш тизими тезликнинг ошиши ва тушишини назорат қилиб, ўзига хос механик ярим-автопилот вазифасини бажаради.