АҚШ томондан март ойида Ғарбий Мўсулнинг бомбардимон қилиниши 100 дан кўпроқ фуқаронинг ўлимига олиб келган. 

Пентагон томондан ушбу фожиа юзасидан ўтказилган ҳамда Сурия ва Ироқда ИШИДга қарши операциялар ўтказаётган коалиция штаби томондан тарқатилган тергов натижалари шуни кўрсатмоқда.

"Коалиция ҳарбий-ҳаво кучларининг 17 март куни Мўсулнинг Ал-Жадид туманида амалга оширилган бомбардимоннинг тергови портлаш оқибатида пастки қаватларида ИШИДнинг икки мергани ва 101 нафар тинч фуқаро беркинган бинонинг вайрон бўлганини кўрсатган. Шунингдек, қўшни бинодаги 4 фуқаро ҳам ҳалок бўлган", деб айтилган ҳужжатда. Шунингдек, 36 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. 

Тергов натижаларига кўра, ИШИД жангарилари бинода кўп миқдорда портловчи модда жамлашгани ва унга коалиция авиацияси томондан снаряд ташлангани аниқланган. Шунингдек, авиазарба берилишидан олдин "на ироқлик, на америкалик ҳарбийлар бинода тинч аҳоли беркинганини билишмагани" таъкидлаб ўтилган.   

Коалиция операциясининг қуруқликдаги қисмига жавоб берувчи, АҚШ қуруқликдаги қўшинлари генерал-майори Жозеф Мартин авиазарба оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганлари муносабати билан ҳамдардлик билдирган. "Коалиция фуқароларни ҳимоя қилиш учун барча иложиси бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Тинч аҳолини ҳимоялашнинг энг яхши йўли ИШИДни яксон қилишдир", деб айтган Мартин.  

Аввалроқ араб ва АҚШ ОАВ маълум қилганидек, ушбу авиазарбалар оқибатида 200 дан кўпроқ одам, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган бўлишлари мумкин.