Халқаро Amnesty International ноҳукумат ташкилоти хабар қилишича, Америка ҳарбийлари Ироқ ва Кувайтга келтирилган қурол-яроғларнинг бир қисми қаерда эканини билмайди. "Ғойиб бўлган" қуролларнинг умумий нархи эса 1 млрд долларга баҳоланмоқда.
 
Ҳуқуқ ҳимоячилари Вашингтон томонидан 2016 йил сентябрь ойида ўтказилган ва ошкор қилинган аудит натижаларига таянган ҳолда шундай фикрни илгари сурмоқда. Ҳужжатларга мувофиқ, Пентагон Ироқ армияси ва курдларнинг пешмерга гуруҳлари ихтиёрига бориб тушиши керак бўлган катта миқдордаги аслаҳаларнинг "сони ва уларнинг қаердалиги ҳақида аниқ ва сўнгги маълумотга эга эмас". 

Хусусан, айни вақтда 28 млн долларлик 10 минглаб ҳужум милтиқлари қаердалиги номаълум. Бундан ташқари, юзлаб миномёт снарядлари ва Humvee зирхли армия йўлтанламасларининг кейинги тақдири ҳам аниқ эмас.

"Агар Америка қурол-яроғлари қачонлардан бери Ироқда ўзаро урушаётган томонлар, хусусан, ИШИД қўлига ҳам тушиб қолаётгани эътиборга олинса, бу жуда ташвишли ҳолатдир", — деган ташкилотнинг қуроллар назорати мутахассиси Патрик Уилкен.

Маълумки, АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий кампанияси 2003 йил мартидан 2011 йил декабрига қадар давом этди.