Классик автомобиллар билан ишлашга ихтисослашган ClassicCars.com портали АҚШда энг кўп коллекция қилинувчи машиналар рейтингини маълум қилди. Бу рейтинг ташкилот сайтига 2016 йилда қилинган қидирув мурожаатлари асосида тузилди.

Порталда турли йилларда ишлаб чиқарилган классик Ford Mustang энг кўп қидирилган. Бу модел 50 та штатдан 13 тасида энг кўп қидирилган. 2-ўринни Chevrolet Impala эгаллади, у 7 штатда энг кўп қидирилган. 3-ўринни Camaro эгаллади, унга 5 та штатда энг кўп мурожаат бўлган.

Рейтингнинг кейинги поғоналарини Chevrolet Corvette, Dodge Charger ва Ford Thunderbird эгаллаган, улар 3 штатда энг кўп қидирилган.

Қидирувлар бўйича биринчи бўлган ягона хорижий бренд Mercedes-Benz бўлди. Коннектикут штатида немис маркасининг 250SE модели энг кўп қидирилган.

2016 йилда ҳаммаси бўлиб сайтга "Мустанг"ларни қидириш бўйича 3 736 942 та уникал мурожаат бўлган. АҚШда ишлаб чиқарилмаган машиналар орасида Volkswagen минивэнлари энг кўп қидирилган (240 646 та мурожаат).
 
ClassicCars.com портали ўзини коллекция қилинувчи машиналарни сотиш бўйича дунёдаги энг катта майдонча деб таърифлайди. Сайтда бир вақтнинг ўзида турли шахслар, дилерлик марказлари ва аукцион уйлардан 30 мингтагача классик автомобиль таклиф қилинади.