Янги Зеландия-Американинг Rocket Lab фазовий компанияси пайшанба куни Янги Зеландиядаги учиш майдонидан "Электрон" ракетасини илк бора парвозга чиқарди.

"Уни коинотга жўнатдик. Жамоанинг кўнгли тўқ", - дея ёзди компания Twitter’даги саҳифасида.

Шунингдек, компания асосий вазифаси орбитага кичик сунъий йўлдошлар ва бошқа майда юкларни етказиш бўлган "Электрон" ракета ташувчисининг учирилиши муҳрланган кадрларни эълон қилди. Парвоз мамлакат шимоли-шарқидаги Махия ярим оролидан маҳаллий вақт билан соат 16.20 (Тошкент вақти билан 09.20)да амалга оширилган. Ракетанинг ўзига хос жиҳатларидан бири – ҳажмли босма технологияси ёрдамида ясалган двигатель.

Бироқ ракетани орбитага олиб чиқишнинг имкони бўлмади.

"Биз орбитага етиб бора олмадик ҳамда бу нима сабабдан рўй берганини аниқлаштирамиз", - дея компания асосчиси Питер Бэкнинг сўзларини келтиради Ассошиэйтед Пресс агентлиги.