Американинг Boeing корпорацияси АҚШ мудофаа вазирлигининг сунъий йўлдошларни Ер орбитасига олиб чиқишга хизмат қилувчи космопланларни ишлаб чиқиш ва синаш дастурини якунлайди. Товушдан тез учувчи тажрибавий муқобил учиш аппарати XS-1 фазога парвозлар муддати ва қийматини кескин ўзгартириши кутилмоқда. Бу ҳақда Америка мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқотлар ва ишланмалар агентлиги (DARPA - Defense Advanced Research Projects Agency) маълум қилди.

"XS-1 ноанъанавий самолёт ва ноодатий ташувчи бўлиши керак. Аниқроқ айтганда, иккисининг бирикмаси бўлиши лозим. Якуний мақсад шуки, парвоз қийматини 10 марта арзонлаштириш ва уларни зарурат бўлганда узоқ муддатли кутиш жараёнисиз амалга оширишга эришишдир", - деган DARPA дастури раҳбари Жесс Спонэбл.

Дастурнинг биринчи босқичини амалга ошириш учун – Boeing корпорацияси, Northrop Grumman ва Masten Space Systems компаниялари танлаб олинди. 2015 йил августида илк икки компания шу мақсадлар учун 6,5 млн, учинчиси 3 млн доллар олганди.

DARPA агентлиги аниқлик киритишича, XS-1 бизнес таснифидаги реактив самолёт ҳажмидек келадиган учувчисиз парвоз қурилмаси бўлиб, тик ҳолатда фазога кўтарилади ва ётиқ ҳолатда қўнади. У тезлаштирувчи ракеталарсиз ўз двигателлари ёрдамида учиши ва тезлик олиши талаб этилади. Белгиланган баландликка чиққанидан сўнг, космоплан автоматик тартибда 1,36 тонналик сунъий йўлдошни фазога чиқаради. Пентагон мазкур қурилма ерга қайтганидан сўнг, бир неча соат ичида яна фазога уча олиши кераклигини айтмоқда. 

DARPA дастурнинг иккинчи босқичини 2019 йилда якунлашни режалаштирмоқда. Агар муваффақият қозонилса, бир парвоз қиймати 5 млн долларни ташкил этади. Учинчи босқич 2020 йилга мўлжалланган бўлиб, 15тагача синов парвозларини амалга ошириш белгиланган. Дастлаб космоплан тезлиги иккинчи босқичсиз 5-10 Махгача етказиш, сўнгра 408 кгдан 1,36 тонналик сунъий йўлдошларни орбитага чиқариш вазифаси бажарилади.