"Меҳнат мигрантларимизни хорижга жўнатиш ишида хусусий корхоналарга ҳам изн берилиши керак"

Жамият 25 Май 2017 10175
Фото: Sputnik

24 май куни президент Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармоннинг 5-бандига асосан, айрим таклифларни билдириб ўтмоқчиман.

Чунки кейинги вақтларда оммавий ахборот воситаларида республикамиз учун аҳамиятли бўлган бир муаммо кўтарилаяптики, бу ҳақда ватанпарвар фуқаро сифатида ўз фикримни баён этишни жоиз, деб билдим.

Бу — Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларда ишлаб келишига доир масаласидир. Биринчи президентимиз И.Каримов «Бизнинг энг катта бойлигимиз — меҳнаткаш халқимиздир», деган эди. Албатта, юртимизда меҳнат қилиб, бойлигимизга бойлик қўшиб, юртимизни фаровон қилиб, оиласи даврасида улар билан бирга бахтли яшашни ҳамма орзу қилади. Шундай яшаётганлар ҳам аҳолининг аксарият қисмини ташкил этади.

Лекин тақдир тақозоси билан етарли билим ололмаган, билим олса-да, ўзига мос иш тополмаган ватандошларимиз ҳам бор. Бундай фуқаролар ҳар бир давлатда топилади. Аммо юртдошларимиз «давлат берса — ейман», дея қўл қовуштириб ўтирадиганлардан эмас. Улар ўзларидаги ўша меҳнаткашлик хусусиятларини моддий бойликка айлантириш учун изланадилар. Бирор ерда меҳнат қилиб, кўпроқ даромад топиш мумкинлигини билсалар, шу ишни қилишга интиладилар. Бундай жойлар эса кўпроқ иқтисодиёти нисбатан ривожланган, лекин қўл кучи етишмайдиган чет мамлакатлардир.

Тарихда ўзбек уста ва меъморларининг Шарқ ва Ғарбнинг жуда кўп давлатларига бориб, ишлаб, катта-катта иншоотлар қургани, бу қурилишларга ўзбек ишчиларни жалб этгани хақида мисоллар жуда кўп.

Баъзи мамлакатлар чет элларга жангариларни, баъзилари оғуфурушларни жўнатади, баъзилари ўғриларни, гадойларни жўнатади. Ўзбекистондан эса яратувчи, меҳнаткаш одамлари бориб, ҳалол пул топиб келади. Чет элга бориб, даромад топиб келаётган кўп ёшлар, у ерлардаги ҳаётни, одамлар орасидаги муносабатларни кўриб, ҳаётий тажрибалари ошиб келмоқда. Бу ерда қолган ёшлар эса улардан келаётган даромадни, улардаги ўзгаришларни кўриб чет элга бориб ишлаб келишга, даромад кўришга иштиёқманд бўлмоқда.

Ҳукуматимиз тамонидан ишга жойлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Лекин аҳоли сони ўсиш юқори бўлган мамлакатимизда барчани юз фоиз иш билан таъминлашнинг имкони йўқ. Корея, Япония каби мамлакатларга бориш учун юз минглаб ёшларни ҳужжат топшириши бундан далолат беради. Лекин квоталарнинг озлиги, имтиҳонлардан фақат бир неча минг фуқаро ўтгани, улар ҳам уч йиллаб таклиф келишини кутиши кераклиги, ҳужжат топширишга улгурмаган яна неча юз минг (агар миллион бўлмаса) одамлар борлиги бу масалага янада жиддийроқ қарашни талаб этади.

Масалани тақиқ этиш билан ҳал этиб бўлмайди. Унинг ечимини топиш керак. Меҳнат вазирлигидаги ўзгаришлар ҳукуматимиз томонидан бу ишга эътибор кучайганини билдиради. Ташқаридан келаётган валютадаги маблағлар қанчалиги, улар иқтисодимизга қанча фойда келтириши, булар ҳақида, албатта, иқтисодчи олимларимиз ўз фикрини айтади. Мен тезроқ ишлашни хоҳлаётган, юртига, оиласига тезроқ маблағ олиб келишни истаётганлар ҳақида гапирмоқчиман.

Президентимиз Ш.Мирзиёев вақт кутиб турмаслиги, биз яшаётган давр шиддатли ўзгаришлар даври эканлиги ҳақида доим эслатиб келади. Шунинг учун юз минглаб одамларни яна қачон ҳужжат қабул қилади, қачон имтиҳон топширамиз, қачон биз ҳам ватанга маблағ олиб келамиз, деб кутиб туриши бу вақт билан ҳамоҳанг юриш эмас, асло. Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан уч минг, беш минг, ҳатто ўн минглаб фуқароларни четга ишга жойлаши мумкин, лекин юз минглаб эмас. Чунки вазирликни шунча одамни ишга жўнатиши учун ресурси (вазирлик ходимлар сони, ташкил этиш учун маблағи, моддий техникаси, вақти, нафақат Кореядан, балки бошқа мамлакатлардан ишчи ўринларига квоталар топиб келиш учун имкониятлари ва ҳ.к.) йўқ.

Лекин вазирлик ушбу ишни монопол бўлмасдан, бироқ назоратни ҳам йўқотмасдан амалга ошириши мумкин. Бунинг учун, албатта, Олий Мажлисга тегишли янги қонунлар ёки ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиқиши керак. Бунда чет эл тажрибаларидан фойдаланиш ҳам лозим. Яъни, хусусий ишга жойлаштириш секторини ташкил этиш ва ривожлантириш. Албатта, бу секторнинг ишини вазирлик керакли лицензиялар ва рухсатномалар орқали назорат қилади ва бошқаради.

Хусусий корхоналар орқали четга ишга юборишни бир қанча афзалликлари бор.

1. Четга чиққан фуқарони назорат қилиш, уни ҳар хил ноқонуний ташкилотларга қўшилиб кетмаслигини таъминлаш корхона зиммасига юклатилади.

2. Корхона дунё бўйича иш ўринлари излаб топади, квоталар ажратади, шартнома тузади ва ишчи етказиб беради.

3. Фуқаролар ўртасидан керакли ишчини танлаб олади, унга ўша давлат қонун-қоидалари ва ички тартиблари, тили, касби хақида зарур билим беради.

4. Ишчининг қонуний ҳимоясини, тиббий суғуртасини, келажакдаги нафақасини таъминлаш учун зарур ҳужжатларни юритади.

5. Ишчи иш жойи тайин бўлгач, ишга кириб маошини олгунча ва йўлкира, оиласи харажати учун ва бошланғич бошқа харажатлар учун унга кредит бериб туради.

6. Корхона (фирма, агентлик) ишга жойлагани учун олган даромадидан давлатга белгиланган тартибдаги солиқ ва ажратмаларни тўлайди.

Баъзи мамлакатларда корхоналар ишчиларни фақат ишга жойлаштириш агентликлари орқали қабул қилишини назарда тутсак, ҳозирги вақтда буни нақадар долзарблигини англаймиз. Агар шу ишлар амалга ошса, меҳнат муҳожирларини «қул» қилиб сотишларга, ҳар хил экстремистик оқимларга кириб кетишларга, ўзбек миллатини чет элларда ҳимоясиз, ночор ҳолатда юришларга чек қўйилган бўлармиди.                                                            

Ҳозирда бутун дунёда мамлакат иқтисодиётига фойда келтирадиган, қонуний амалиётлар амалга оширилмоқда. Валюта ишлаш учун нафақат моддий балки номоддий маҳсулотлар экспорти ҳам ривожланмоқда: кимдир интеллектул мулк экспорти билан, кимдир технология экспорти билан. Бизда эса меҳнатдан қочмайдиган халқимиз бор. «Замбарак билан чумчуқ отмасдан», ушбу меҳнатни ватанимиз миллий бойлигини янада кўпайтиришга сарфлаш вақти келди. Зеро, юртимизга четдан келаётган ҳар бир валюта мамлакатимиз қудратини оширишга хизмат қилади.

Мирзажон РАЗЗОҚОВ,

Шаҳрихон тумани.

Кун янгиликлари
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 47776 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 7798 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 18913 Ўзбекистон
Тошкентда Осиё-Океания кураш конфедерациясининг 1-конгресси бўлиб ўтади
19:43 0 Спорт
Шавкат Мирзиёев: Ўқувчилар бир хил форма кийиши керак
Фавқулодда вазиятлар ҳақида хабар бериш тизими модернизация қилинади
Лицей ўқитувчилари тест ва суҳбатдан сўнг ишга қабул қилинади
180 млн сўмлик адёлларни божхона назоратидан яширишга уринган шахслар фош этилди
19:31 192 Жамият
Alibaba’нинг соф даромади икки маротабага ошди
Испаниядаги терактларда 34 мамлакат фуқароси ҳалок бўлди ва жабрланди
19:15 1013 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар