Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилади

Жамият 25 Май 2017 40369

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Унга кўра, ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Меҳнат дафтарчаларидаги ёзувлар солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида, ходимнинг иш жойи ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бўйича ҳисобга олиш билан босқичма-босқич алмаштириб борилади.

Шунингдек, фармон билан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг барча ўқувчиларини, уларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами берилган ва электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан берган ҳолда, солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйилади.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини, таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги бир йил ичида 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йил давомида 25 фоизга, бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганлар бундан мустасно бўлган ҳолда, камайтирилади.

Аввалроқ Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилгани ҳақида хабар бергандик.  

Кўпроқ янгиликлар