Россия Федерациясида бугунги кунда Ўзбекистоннинг 1,7 млн фуқароси яшамоқда. Бундай маълумотни Россия Федерациясининг ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Тошкентда Ўзбекистон ички ишлар вазири Абдусалом Азизов билан учрашувда келтириб ўтди.

Колокольцев музокараларда апрелда имзоланган, Россия ҳудудида вақтинчалик иш фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини тартибли қабул ва жалб қилиш ҳақидаги ва миграция соҳасидаги мутасадди идоралар ваколатхоналарини таъсис этиш ҳақидаги келишувларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, 2017 йил бошидан Россияга 600 минг ўзбекистонлик келган, бу эса бир йил аввалги кўрсаткичдан 10 фоизга кўпроқни ташкил қилади. Шу тариқа ҳозирда Россияда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони 1,7 млн кишига етган.       

"Бизга бу соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур, буни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Биз, албатта, давлатларимиз раҳбарларининг ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий ҳамкорлик борасидаги қарорларини ҳаётга татбиқ қилишимиз керак", деб таъкидлаб ўтди Колокольцев.

Колокольцевнинг айтишича, тезлик билан ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва меҳнат муҳожирларининг меҳнат фаолияти ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича Россия-Ўзбекистон ишчи гуруҳларининг ишини фаоллаштириш лозим.  

Колокольцев бу йўналиш бўйича ҳамкорликни МДҲ иштирокчи давлатлари ички ишлар вазирликлари Кенгаши ва ШҲТ минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси форматларида ҳам давом эттиришни таклиф қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот фаолияти бўйича Россия ички ишлар вазирлигининг вакили лавозимини киритиш таклиф қилинди. Ушбу таклиф қўллаб-қувватланди.     

Ходимларни тайёрлаш масаласи муҳокамаси вақтида россиялик вазир ўзбекистонлик ҳамкасбларининг Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимларини Россия ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида ўқитиш учун квоталар киритиш бўйича истакларини эътиборга олишга ваъда берди ва икки давлат ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг педагогик жамоалари ва тингловчиларининг ўзаро амалиёт ўташ масалаларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Унинг фикрича, "тажриба алмашиш ўта зарурдир". 

Колокольцев Абдусалом Азизовни Ўзбекистонда ички ишлар ҳудудий органларининг жамоатчилик тузилмалари ва аҳоли билан ишлаш бўйича жорий қилинган йўналиш билан танишишга имконият яратгани учун миннатдорлик изҳор этди. "Биз ҳам тумандаги бўғинларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратамиз. Қисқартиришларга қарамасдан, 5 йил ичида бу бўлинмалар ходимлари сони 55 фоиздан 70 фоизгача кўпайган", деб қайд қилди Россия ички ишлар вазири.   

Учрашувнинг якунида икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасида 2017-2018 йиллар учун ҳамкорлик баённомаси имзоланди. Колокольцев бу баённома амалий мазмун билан тўлдирилишига ишонч билдирди.