Космик самолёт нима учун керак?

Технология 25 Май 2017 8571

АҚШ мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқот лойиҳалари бошқармаси Boeing’ни янги гипертовушли космик қурилма ишлаб чиқиш учун танлади. Унинг номи Phantom Express (XS-1) бўлади. 

Қурилманинг вазифаси – сунъий йўлдошни суборбитал баландликларга олиб чиқиш, сўнг оддий самолёт каби горизонтал ҳолда қўнишдир.

Космик самолёт нима учун керак?

Ишлаб чиқарувчилар ғоясига кўра, учувчисиз кема суборбитал баландликларга етганидан сўнг кичик ракетани учиради, у сунъий йўлдошни коинотга етказади, асосий қурилма эса Ерга қайтади ва учиш-қўниш йўлагида қўнади. Мудофаа вазирлиги XS-1 лойиҳаси ёрдамида сунъий йўлдошларни ер яқинидаги орбитага атиги бир неча кун тайёргарлик орқали чиқаришни мақсад қилган. Аввал бунинг учун бир неча ой вақт талаб этилган. Тахминларга кўра, космик самолёт бир неча соат ичида қайта парвозга тайёр бўлади.

«XS-1 анъанавий самолёт, ёки оддий ракета ташувчи бўлмайди, уларнинг бирлашган нусхасига айланади. Лойиҳа парвозга кетадиган харажатларни ўн мартага камайтириш ва учириш вақтини тезлаштириш мақсадида ишлаб чиқилмоқда», - дейди АҚШ мудофаа вазирлигидан бўлган дастур координатори Жесс Спонабл.

Техник хусусиятлар

XS-1 ўзининг ички двигателлари ҳамда криоген пропеллентлар (суюқ кислород ва суюқ водород)дан фойдаланган ҳолда тик ҳолда парвоз қилади. Phantom Express гипертовуш тезликларида учиши ва 1300 килограммлик фойдали юкламани олиб кетиши мумкин.

Қурилма Aerojet Rocketdyne AR-22 (шаттлдан) модификацияланган двигателлари, ракета двигателлари учун композицион материаллар, парвозни бошқариш учун автоном технологиялар ва гибридли композит-металл корпусига эга бўлади – у гипертовушли парвоз ва Цельсий бўйича 1100 даража ҳароратга чидамли бўлади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг тахминига кўра, XS-1 парвози учун камида 5 миллион доллар сарфланади, шунинг учун, технологиядан тижорий мақсадда фойдаланиш ҳам назарда тутилган. Мудофаа маҳкамаси Boeing билан учар қурилма синовларини 2020 йилдан бошлашга умид қилмоқда, дея ёзади Popular Mechanics журнали.

Кўпроқ янгиликлар