Германия канцлери Ангела Меркель ва АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Берлинда Евангелия черковидаги байрамда иштирок этишди. АҚШ президенти демократия ва келажак мавзусидаги муҳокамада ҳам иштирок этган. Меркель ва Обама Бранденбург дарвозасида ўрнатилган саҳнада чиқиш қилишган.

Маросим очиқ ҳавода, ўн минглаб берлинликлар қаршисида бўлиб ўтган. Бу маросимнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 2 минг полицияси сафарбар қилинган.

Икки сиёсатчи соғлиқни сақлаш ва иммиграция соҳаларидаги муаммоларр хусусида гаплашишган, улар муҳокама вақтида АҚШнинг ҳозирги президенти Доналд Трампни эслашмаган.

Шу билан бирга унинг халқаро майдондаги вазият бўйича билдирган фикрлари унинг Трамп билан ҳамфикр эмаслигини кўрсатган.

Миграция инқирози
Обама Яқин Шарқ мамлакатларидан Германияга келган юз минглаб қочқинлар ҳақидаги саволга жавоб қайтарган. У давлат раҳбари сифатида қочқинлар масаласида муайян позицияда бўла олмаганини қайд этган.

"Чегаранинг нариги томонидаги болалар ҳам менинг фарзандимдан кам бўлмаган меҳр ва муҳаббатга ҳақли. Аммо давлат раҳбари сифатида мен чекланган ресурсларни ҳисобга олган ҳолда фуқаролар олдида масъулиятли бўлишим керак", деган Обама.

Меркель эса Германиядан расмий қочқин мақомида бўлмаганларни чиқариб юбориш зарурлиги ҳақида гапирган.

"Айтишим мумкинки, мамлакатда қочқинларга ҳамдард ва уларни қабул қилишни ёқловчи юз минглаб, миллионлаб киши бор", дея гап бошлаган Меркель.

У қочқинларни қабул қилиш жараёнида "бошқа муаммолар" юзага келиши ҳақида гапирган.

У Афғонистондан келган қочқинларни депортация қилиш масаласи ҳақидаги саволга жавоб қайтара туриб, буни "жуда қийин мавзу" деб атаган.

"2015 йилда қочқинлар оқими катта бўлгани туфайли биз вазиятни назорат қила олмай қолгандик, натижада бошпана сўраб келганлар дарҳол жойларга юборилган. Афғонистондан келганларнинг ярми қочқин мақомини олишга асоси бор. Вазиятдан чиқиш учун ким бошпана олишга ҳақли эканини аниқлаш жараёнини тезлаштириш керак. Биз айнан ким ёрдамга муҳтож эканини яхшилаб ўрганишимиз керак", - дея қайд этган Меркель.

Канцлер Ўрта Ер денгизидаги вазиятни "ҳалокатли" деб атаган. Унинг сўзларига кўра, немис ҳарбийларининг ўзи охирги йилларда денгиз орқали Европага ўтиб олишга уриниш чоғида фалокатга дуч келган 20 минг кишини қутқарган.

У қочқинларни Европага ташиш билан шуғулланувчи мафия тизимларига қарши курашни ҳам кучайтиришга чақирган.

"Одам савдосига қарши кураш" мавзуси ҳақида Обама ҳам гапирган. У Ғарб мамлакатлари раҳбарлари ўз фуқаролари олдида масъул эканини қайд этиб, миграция инқирозини ҳал этиш зарурлигини таъкидлаган. Собиқ президент қочқинлар келаётган мамлакатлардаги шароитларни яхшилаш зарурлигига эътиборни қаратган.

Терроризм билан кураш
"Қаршимизда бизнинг ҳаёт тарзимизни йўқ қилиш истагида бўлган душманлар. "Совуқ уруш" даврида ишлаган механизмлар энди эскирди. Бу усуллар террорчи гуруҳларга қарши самара бермайди. Улар бошқа одамларнинг тинчини бузиш учун жонини қурбон қилишга тайёр одамлардир. Буни кечагина Манчестерда ҳам кузатдик", дейди Меркель.

Канцлер янги ҳарбий технологиялардан фойдаланиш зарурлигини айтиб, дронларни мисол келтиради.

Обама Манчестердаги терактни "қўрқинчли зўравонлик" деб баҳолаган. У терроризмга қарши кураш "маълум давлатга қарши эмас, сояга яширинган одамларга қарши кураш" эканини маълум қилиб ўтган.

Унга америкаликлар терроризмга қарши курашда қўллайдиган қуроллар тинч аҳоли вакиллари бўлган кўплаб кишиларнинг ҳам ҳаётига зомин бўлаётгани ҳақида савол билан мурожаат қилишган. Обама ўз қарорлари баъзан кўплаб бегуноҳ кишилар ўлимига сабаб бўлганини тан олган. Аммо ишни оптималлаштириш орқали тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлиши даражаси қисқартирилганини ҳам қайд этган.

АҚШнинг собиқ раҳбари "муаммо қуролларда эмаслиги, урушнинг келиб чиқиш сабабларида экани" ҳақида таъкидлаган.