Мисрнинг Қоҳира суди мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак оиласининг унга тегишли активлардан тақиқловни олиш талаби билдирилган даъво аризасини рад этди. Судьялар мамлакат адлия вазири ва бош прокурорининг Муборак оиласига тегишли молиявий воситаларга тақиқлов қўйиш қарорини қонуний деб топдилар.

2017 йил март ойида судга Ҳусни Муборак ва унинг ўғиллари Жамол ва Аъло томондан даъво аризаси берилган. Улар клиринг компанияларидан биридаги ўз оилаларига тегишли 62 млн миср фунтига (3,4 млн доллар) тенг акцияларнинг қайтарилишини талаб қилмоқдалар. Муборак оиласининг акцияларига тақиқлов қўйиш ҳақидаги қарор жорий йилнинг январида Қоҳира прокуратураси томондан қабул қилинган.  

Собиқ президент Миср кассация суди томондан намойишчиларнинг ўлимига алоқадорлик иши бўйича оқланган. Кейинроқ Муборак охирги уч йил давомида ҳибсда бўлган Қоҳирадаги госпитални тарк этган ва ҳозирда пойтахт туманларидан бирида яшамоқда.  

Муборак оқланганига қарамасдан, унга, унинг оиласига ва яқин қариндошларига ҳали ҳам Миср ва хориждаги ҳисоб рақамларидаги маблағлардан ва кўчмас мулкдан фойдаланиш тақиқланган. 

Шунингдек, Швейцариядаги банклардаги ҳисоб рақамларга Муборак, унинг қариндошлари ва унга яқин одамлар томондан ўтказилган 430 млн франкка тақиқлов солинган. Ушбу маблағларнинг келиб чиқиши бўйича ҳали ҳам тергов олиб борилмоқда.